ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:07 Чоп этиш версияси

Йўлга чиқмай йўлини йўқотган йигит

Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали 4-курс талабаси, эндигина 24 ёшни қаршилаган О.Мадрейимовнинг жинояти юзасидан суд ҳукми ўқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди томонидан О.Мадрейимовга 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қиморга муккасидан кетган бу йигит умрининг гуллаган даврини панжара ортида ўтказишга мажбур.

...О.Мадрейимов ёшлигида ота-онаси ўртасидаги оилавий низо сабаб тоғалари қўлида улғаяди. Қиморга аралашиб қолганини сезган тоғаси Ғ.М жиянини бу йўлдан қайтаришга кўп ҳаракат қилади. Уради, сўкади. Қиморхонага бориб, уни киритмасликларини илтимос қилади. Ҳеч қандай натижа чиқмайди. Жиян эса, қинғир ишини давом эттираверади. Ҳатто ўз уйидан пул ўғирлайди. Тоғасининг йиғиб қўйган 6 миллион сўм маблағини ўмариб, уни ҳам қиморда бой беради.

Сўнг ўғирликни яшириш – ўмарилган пулларни ўрнига қўйишни ўйлай бошлайди. Танишларидан бири унга қишлоқда фоизга пул берадиган “опа” борлигини айтади. Суриштирса, “опа” ва унинг ўғли таниши бўлиб чиқади.

Фоизга пул берадиган Т.Смайлованинг ўғли О.Утемуратов у билан мактабда бирга ўқиган. Уйда фақат иккаласи яшашини яхши билган О.Мадрейимов жиноий режа тузади. 2018 йил 9 январь куни яна қиморда ютқазиб, спиртли ичимлик ичади ва онаси З.Мадрейимованинг уйига боради. Шу ерда жиноий режасини янада “пишитиб“ олади. 10 январь куни соат тахминан 11:30 ларда Хўжайли тумани деҳқон бозорига бориб, киракашлик қилаётган таниши А.Матмуратовни учратади. Унинг уяли телефонидан фоизга пул берадиган опанинг ўғли О.Утемуратовга қўнғироқ қилади. Нукус туманига машинасида олиб бориб келишини сўрайди. Лекин О.Утемуратов ҳозир бандлиги, Нукус шаҳрида юргани, тушликкача уйга қайтиб бора олмаслигини айтади.

Аслида О.Мадрейимовнинг унга қўнғироқ қилишидан мақсад уйда ким бор-йўқлигини билиш эди. Бу хабардан сўнг у режасини амалга оширишга шошилди.

Шундай қилиб, таниш киракашнинг машинасида мўлжалдаги уйга келади. Соат 12:30 лар чамаси. Т.Смайлованинг уйига келади. Дарвозани ёши 60 ёшлардан ўтган аёл очади. Йигит дарҳол мақсадга ўтиб, қарзга пул бериб туришини сўрайди. Т.Смайлова пул йўқлигини айтганидан сўнг чўнтагидан пичоқни олиб аёлнинг елкасига уради.

Кутилмаган бу ҳолатдан Т.Смайлова довдираб қолади. Қаршилик кўрсатиб, қичқира бошлайди. Жаҳл отига минган О.Мадрейимов Т.Смайлованинг сочидан ушлаб, чап қўлидаги пичоқ билан танасининг турли жойига 17 марта зарба беради. Бақир-чақирини эшитиб, ичкаридан бир аёл “нима қиляпсиз” деганча югуриб чиқади. Ваҳимага тушиб қолган йигит қўлидаги пичоқни ўша ерга ташлаб, ташқарига отилади. Йўл-йўлакай қон сачраган дўпписини ташлаб юборади, қолган кийимларини онаси З. Мадрейимованинг уйига бориб тозалайди.

Ичкаридан чиққан аёл Т.Смайлованинг қизи Д.Абдимуратова бўлиб, шу куни тушликка келган ва ичкарида таниши билан телефонда гаплашаётган эди. Ташқарида бақир-чақирни эшитиб югуриб чиқади, ерда қонга бўялиб ётган онаси ва пичоқ ушлаб турган ёш йигитни кўради.

Т.Смайлова жон ҳолатда ўрнидан туриб, эшикка тираниб, тез ёрдам чақиринглар, дейди-ю йиқилади. “Тез ёрдам” келавермагач, қўшнилар ўғли О.Утемуратовга қўнғироқ қилишади. Ўғил онасини ўзининг “Дамас”ида шифохонага олиб боради. Жароҳат жуда оғир, вақт эса ўтиб бўлган эди. Т. Смайлова касалхонада вафот этади.

10 январь куни соат 14:00 ларда О.Мадрейимов онаси З.Мадрейимованинг уйига келади, бирга чой ичади. Ўғли ўзи яшаётган уйдан (тоғасининг уйидан) 6 миллион сўм пулни ўғирлаганию, уни қиморда бой берганини эшитган она ҳам жаҳл отига минади. Ўғил йиғлайди ва бирданига юрагини ушлаб ётиб қолади. “Тез ёрдам” ҳамширалари тинчлантирувчи дори берганидан сўнг уйқуга кетади.

Кечқурун уйга милиция ходимлари кириб келади...

Судда барча далиллар исботини топиб, судланувчи айбига иқрор бўлди ва 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноятга жазо муқаррар. Лекин.. Эҳтимол О.Мадрейимов туғилган оила пароканда бўлмаганида, унинг ота-онаси тўғри йўлни тутганида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Жиноят кўчасига кириб, бир оиланинг бошига мусибат ёғдирган бола яхши тарбия кўрганида жамиятга нафи тегадиган мутахассис бўлармиди? Саволлар кетидан саволлар...

Ҳа, вақтида олди олинмаган кичик бир эътиборсизлик ҳам кейинчалик катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
9 149