ЎзА Ўзбек

27.07.2018 20:21 Чоп этиш версияси

Йўлдошинг лоқайд бўлса, йўлнинг равонлиги бекор

Жайноқ муштумзўр бўлиб улғайди. Ҳар ишни куч билан ҳал этишга интилгани, спиртли ичимлик таъсирида юришни хуш кўргани сабаб қишлоқдошлари уни кўрса четлаб ўтадиган бўлди. Йигитни яқинлари тўғри йўлга сола олишмади. Улғайса, уйланса босилишига умид қилди.

Уйлантиришди, аммо болаликда тўғри тарбия олинмаса, кўп ҳолларда феъл ўзгармас экан. Ёмон томони Жайноқ энди заҳрининг бир қисмини шўрлик хотинига сочар, арзимас хато, ноўрин сўз аёлнинг калтакланиши билан тугарди. Арофат адашганлигини тушунди. Аммо энди кеч бўлган, бошини қайси деворга уришни билмасди.

Бетартиб, жанжалли хонадонга кунларнинг бирида Арофатнинг укаси Мирёқуб келиб қолди. Опасига ичи ачиди, ғурури эзилди. Поччасига тик қаради, овозини баландлатди. Жайноққа бу муомала ёқмади, сўкинди, “йўқол” деди. Меҳмоннинг ёқасидан олишга ҳадди сиғмади – ҳайиқди. Лекин стол устида турган пичоқни кўриб оловланди, Мирёқубга ташланди...

Қайнисининг қотилига айланган Жайноқ 10 йилдан ошиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Арофат ота уйига кетди. Машъум даргоҳга бошқа қайтмади.

***

Жайноқ қамоқнинг сўнгги йилларини ўтаётганида жазо ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. У уйига қайтганида қайсидир қишлоқдоши муштумзўрнинг ақли кирганлигига умид боғлади, яна бошқаси букрини гўр тўғрилайди, деди.

Яқинлари яна Жайноқни уйлаб қўйиш ташвишига тушиб қолдилар. Зора, янги оиладан бахт топса. Аммо қишлоқдошлари унинг номини эшитиши билан сергак тортар эди. У бўлди, бу бўлди яқин-орада унга қиз берадиган топилмайди.

Шунда қўшни вилоятга келин бўлиб кетган қариндоши унга мос аёл борлигини айтиб қолди. Шу тариқа Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Оқтош” қишлоғидан Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Лалмикор шаҳарчасида яшовчи Сожидага совчи келди. Совчилардан куёв бўлмишнинг кимлигини суриштирдилар. Билдирилдики, йигит уйланган, карате машқи давомида бировни бехосдан тепиб ўлдириб қўйгач, қамалиб кетган. Турмуш ўртоғи эса уни кутмасдан қаерларгадир кетган. Айни вақтда куёв бўлмишнинг катта холаси ўлим тўшагида экан, шунинг учун тўйни тезроқ ўтказиб юборишса, яхши бўларкан.

Жавоб ва сабаб Сожиданинг қариндошларини қониқтирди. Нима бўлса ҳам шу қиз уйли-жойли бўлса, бас. Бахтини шунча йил кутди, ахир. Ҳеч ким йигитнинг қишлоғига бориб суриштиришни ўйлаб кўрмади, шундай қилишса, тўй тўхтаб қоладигандек эди...

***

Ҳаммаси тезлашиб кетди. Жайноқ ва унинг қариндошлари никоҳни ўқиш борасида қишлоқ имомига боришди. Имом қоидага мувофиқ ФҲДЁда никоҳдан ўтилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни сўради. Унга ФҲДЁга ариза топширилганлигини, бир ойдан сўнг “ўша қоғоз” ни беришлари, аммо Жайноқнинг бунча вақт кутиш нияти йўқлигини, қиз томон ҳам тўйнинг тезроқ ўтказилиши тарафдори эканлигини айтиб, ялинишди.

Имом қандай қилиб қишлоқдошларига розилик берганини билмай қолди. Жайноқнинг бурнига сув кириб, ақли тўлиққандир, деб ўйладими ёки бир ёмоннинг тақдирини яхши томонга ўзгартиришга умид қилдими, ўзи ҳам билмай қолди. Қолаверса бу ёқда тенгдоши — Жайноқнинг акаси илтимос қилиб турибди.

Бу ишларингда нотўғри нарсани сезсам, никоҳни ўқимайман, деди рози бўлиш аввалида имом. Қизнинг яқинларида заррача норозилик сезилмади. Келин томон “Бирор гап бўлса, имомда даъвом йўқ”, деган мазмунда хат ҳам қолдирди.

***

Улар шаръий никоҳ билан келин томон – Лалмикорда яшай бошлади. Ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган Жайноқнинг рўйхатдан ўтган жойида эмас, бошқа ҳудудда истиқомат қилаётганидан на профилактика инспекторлари, на маҳалла фаоллари хабардор эди.

Боқиманда, кунда-кунора қўлига эрк бериб, жанжал кўтарадиган куёвнинг асли қандайлиги аён бўлиши учун кўп вақт кетмади. Жайноқ кўпинча феъли айниши билан Булунғурга – қишлоғига жўнаб қоларди. Ана шундай қилиқларнинг бирида Сожиданинг тилла тақинчоқлари йўқолиб қолди.

Эридан гумони бор аёл эса бу ҳақда ҳудуд профилактика инспекторига хабар берди. Инспектор маҳалла фаоллари билан келиб, масалани суриштирган бўлди. Бу пайтда Жайноқ ўз қишлоғида ҳеч нарса бўлмагандек юрарди. Инспектор бироз ўйланиб: “Куёвингиз келса... хабар берарсиз”, деганча кетди.

***

Аслида инспектор шаҳарчада рўйхатдан ўтмасдан яшаётган Жайноқнинг кимлиги билан қизиқиши, ишга Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, “Оқтош” қишлоғида фаолият кўрсатаётган ҳамкасбини жалб этиши керак эмасмиди?

Куёв Лалмикорга қайтиб келди. Уйда яна жанжал кўтарилди, кундалик масалалар қаторига тилла тақинчоқлар ҳам қўшилгани учун аёлнинг ортга қайтиш нияти йўқ эди. Йиқилса ҳам олдинга йиқиладиган эр бўш келмаслиги тайин. Жайноқ ғазаб, дўқ, мушт билан Сожиданинг овозини ўчира олмаслигини тушунди ва яна пичоқдан “имкон” қидирди.

Яна ички ишлар ва тез ёрдам машиналарининг чинқириғи янгради...

Бир неча жойидан пичоқланган Сожида туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига жойлаштирилди, Жайноқ эса ички ишлар бўлимига олиб келинди.

Жиноятга жазо муқаррар, лекин шифохонада соғайиб кетиш учун курашаётган Сожида Жайноқнинг навбатдаги қурбонига айланиши мумкин эдику.

Юқорида келтирилган жиноят иши бўйича барча исм-фамилияларни ўзгартирган ҳолда келтиришни жоиз топдик.

Бу воқеа барча ёмонликларнинг боши бепарволик ва беғамлик эканини яна бир бор ёдимизга солади.

Лалмикор саноат касб-ҳунар коллежида мазкур жиноятнинг муҳокамаси бўлиб ўтганда барча ёмонликларнинг боши бепарволик ва беғамлик эканини яна бир бор ёдга олинди.

Ғаллаорол тумани ҳокимлиги, вилоят ва туман ички ишлар идоралари вакиллари, суд ва прокуратура масъуллари, ҳудуддаги маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этган тадбирда бу каби ҳолатларнинг бошқа такрорланмаслиги учун барча ён-атрофида бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаслиги, бир болага етти маҳалла масъуллигини ёддан чиқармай ҳамжиҳатликда иш тутиш лозимлиги таъкидланди.

Юқорида келтирилган ҳолат бўйича Жиноятнинг олдини олиш чораларини кўрмаганлиги учун профилактика инспектори ва маҳалла фаолларига тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.

Шу куни коллежда ноқонуний никоҳни ўқиган қишлоқ имоми суд қилинди. Қилмиши учун диний идора вакилига энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима тайинлади.


Абулқосим АҲМЕДОВ, 
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси
ахборот хизмати раҳбари.

4 643