ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари сонини қандай камайтириш мумкин?

Йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари сонини қандай камайтириш мумкин?

Оммавий ахборот воситаларида деярли ҳар куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар қулоққа чалинади, ачинарлиси, уларнинг аксарияти ўлим билан якун топмоқда.

Алоқа тизимлари (Телеграм˗бот, электрон манзил, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар) орқали ҳамда ҳудудлардаги бевосита учрашувлар чоғида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Фуқаролар йўллардаги вазият, транспорт инфратузилмаси сифати, аҳолининг, айниқса, болалар ва ёшларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билиш даражасидан хавотирда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, республика ҳудудида йилига ўртача 9˗10 минг йўл˗транспорт ҳодисалари содир бўлади. Улардан икки мингдан ортиғида инсонлар ҳалок бўлмоқда. 2018 йилнинг ўзида Ўзбекистонда 2 минг 262 нафар киши ЙТҲ қурбони бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 2017 йилга нисбатан 8,5 фоизга камайган бўлсада (2 минг 473 киши), бу кўрсаткич ҳамон юқори – бир кунда 6 киши.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, республикада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт бошқариш ва автомобиль ҳаракати йўлларида пиёдалар маданиятини ошириш соҳаси ҳам такомиллаштириляпти. 2018˗2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Концепцияси қабул қилинди. У норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини оширишни мақсад қилган.

Шундай бўлсада, Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли яшаш пунктларида автотранспорт ҳаракат тезлигининг 70 дан 60 км/с га пасайтириш тўғрисидаги таклиф тасдиқланмади. Бу таклиф жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасида билдирилган эди.

Тезлик.jpg

Хориж тажрибасидан шуни айтиш мумкинки, дунёда рухсат этилган энг юқори ҳаракат тезлиги 70 км/с ни ташкил этган мамлакатлар кўп эмас. МДҲнинг қатор давлатлари, Арманистон, Грузия, Озарбайжонда аҳоли яшаш пунктларида рухсат этилган энг юқори ҳаракат тезлиги 60 км/с. Украинада 2019 йил 1 январидан йўлларда ўлим ҳолатлари сонини камайтириш чораларидан бири сифатида максимал ҳаракат тезлиги 60 дан 50 км/с га камайтирилди. Европанинг 29 та мамлакатида ҳаракатланиш тезлиги 50 км/с, Лондон шаҳрида 48 км/с ни ташкил этади.

Тадқиқотларга қараганда, тезликни ошириш авария эҳтимоли ва унинг оғир оқибатлари билан бевосита боғлиқ. Мисол учун, ҳаракат тезлигининг бир фоизга ошиши натижасида йўл ҳаракати иштирокчилари ўлими билан тугайдиган ЙТҲ эҳтимоли 4 фоизга, жиддий авария эҳтимоли 3 фоизга ортади. Машина уриб кетиши натижасида пиёдаларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли ҳам кескин ортади. (65 км/с тезликда бундай натижа эҳтимоли 50 км/с тезликдагига қараганда 4,5 баробар юқори) 65 км/с тезликда ҳаракатланганда ёндан берилган зарба натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли 85 фоизни ташкил этади.

Ўртача тезликни атиги 5 фоизга камайтириш орқали ўлим билан якун топадиган йўл˗транспорт ҳодисаларини деярли 30 фоизга камайтириш мумкин. Боиси, тезлик қанча юқори бўлса, машина тўхташи учун шунча катта масофа керак бўлади, бу эса йўл˗транспорт ҳодисаси эҳтимолини оширади. Қуруқ йўлда 70 км/с тезликда келаётган ҳайдовчи, у ёки бу ҳолатга жавобан манёвр қилиши учун 18-20 метр йўл босиб ўтади, машинани бутунлай тўхтатиш учун эса у 47 метр йўл босиб ўтиши талаб этилади.

Тезликка таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳам бор, улар – алкоголь, йўл трассаси, ҳаракат зичлиги ва об-ҳаво шароитлари.

Масалан, 9 январь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Халқлар дўстлиги саройи тўғрисида “BMW” ва “Lacetti” русумли автомобиллар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Дастлабки сабаб этиб кўрсатилган “BMW” машинаси ҳайдовчисининг тезликни оширганлиги туфайли содир бўлган авария натижасида иккала автоулов ёниб кетган. Кейинроқ ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, хорижий автомобилни бошқарган киши алкоголь таъсирида маст ҳолатда бўлган. Ҳодиса оқибатида “Lacetti”нинг икки нафар йўловчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлди, яна икки нафари, жумладан, ҳайдовчи ҳозирда шифохонада.

Тезликни чекловчи қонунчилик нормаларининг қабул қилиниши билан бир қаторда уларнинг амалда ишлашини ҳам таъминлаш, йўлларни лойиҳалаш ва автомобиль технологияларини татбиқ қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жаҳонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги Ҳисоботда 2015 йил 180 та иштирокчи-давлатдан 97 таси қонунчилигида шаҳар ҳудудларида тезликни 50 км/с қилиб чеклаш кўзланган, шундай бўлсада, фақат 27 давлат (15 фоиз) тезликни чеклаш тўғрисидаги қонунларнинг амалда ишлашини назорат қилинишига ижобий баҳо берди (10 баллик тизимда 8 ва ундан юқори).

Умуман олганда, йўлларда хавфсизлик муаммоси глобал характерга эга. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳаси кун тартибида кенг кўламли вазифа белгиланган, яъни 2020 йилга келиб бутун дунёда ЙТҲ натижасида ўлим ҳолатларини икки баробар камайтириш. Бу вазифа амалга ошиш эҳтимоли қанчалик юқори?

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботида дунёда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати (2018 йил) тўғрисида келтирилган маълумотларга кўра, ЙТҲ натижасида ўлим ҳолатлари сони ортиб бормоқда ва бу кўрсаткич йилига 1,35 миллион ўлим ҳолатларини ташкил этади. Ҳисоботда ЙТҲ оқибатидаги жароҳатлар 5-29 ёшдаги болалар ва аёлларнинг ўлимига асосий сабаб деб қайд этилди. Йўлларда ҳалок бўлаётганларнинг ярмидан кўпи “йўлларнинг ожиз фойдаланувчилари”дир – пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчилар.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича БМТнинг махсус элчиси Жан Тодт фуқаролик жамияти институтлари, ҳайдовчилар ҳамжамияти ва автотранспорт бошқаришни ўргатадиган ташкилотлар вакиллари билан 2019 йил сентябрида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати биносида ўтган учрашуви чоғида йўл-транспорт травматизми болалар ва ёшлар ўртасида ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.

Ж.Тодт фикрича, муаммонинг асосий сабабларидан бири – йўлларда ҳайдовчилар йўл қўядиган элементар хатолар: ҳаракат тезлигини ошириш, хавфсизлик камарини тақмаслик, маст ҳолда автоулов бошқариш, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланиш. Бундай ҳолатларни тугатиш ва элементар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш йўл˗транспорт ҳодисалари сонини икки баравар камайтириш имконини беради.

Мисол учун, статистик маълумотларга кўра, хавфсизлик камарини тақиш ҳайдовчи ва олд ўриндиқларда ўтирган йўловчилар ўртасида ўлим эҳтимолини 45-50 фоизга ва орқа ўриндиқларда кетаётган йўловчиларнинг ўлиш ва оғир жароҳат олиш эҳтимолини 25 фоизга камайтирар экан. Болаларни олиб юриш ускуналаридан фойдаланиш эса ўлим эҳтимолини 60 фоизга камайтириши мумкин.

Шунинг учун йўл ҳаракати иштирокчиларининг, жумладан, ЙҲҚни бузиш оқибатлари тўғрисида кенг хабардор қилиш орқали шахсий масъулиятни ошириш муҳим.

Жан Тодтнинг таъкидлашича, бунда комплекс ёндашув муҳим. Миллий даражада масъулият ҳукуматларга юклатилади, чунки уларда қонунчилик базасини ўзгартириш учун барча ваколатлар мавжуд, бироқ жамоатчилик бирлашмалари ва ёшларда ҳам гап кўп. Улар аҳолининг турли қатламларини йўлларда хавфсизлик қоидалари ва техникасига риоя қилишга тарғиб қилишлари мумкин.

БМТ ва ЖССТ томонидан илгари сурилаётган хавфсиз тизимли ёндашув йўл˗транспорт травматизми эҳтимоллик омиллари ва тегишли чораларни ҳар томонлама ўрганиш учун барқарор асос таъминлаяпти. Улар Швецияда ишлаб чиқилган “Vision Zero” (“Йўлларда ўлим ҳолатларининг ноль даражаси”) стратегиясига таянади. У узоқ истиқболларда транспорт тизимида жиддий жароҳатлар ва ўлимга олиб келувчи жароҳатлар ҳолатларини бутунлай йўқ қилиш мақсадини кўзлайди. Мазкур ёндашувнинг мақсади аварияларни олдини олиш имконини берувчи хавфсиз йўл тизимини яратиш учун ахборот ва йўналишлар билан таъминлаш, авария содир бўлган тақдирда урилиш кучи жиддий тан жароҳати етказиш ёки ўлимга сабаб бўлиш учун етарли бўлмаслиги, жароҳатланганлари қутқарилиб, тегишли травматологик ёрдам кўрсатилишини кафолатлашдан иборат.

БРМ вазифаларини амалга ошириш учун ЖССТ “Ҳаётни сақлаб қолиш” йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари бўйича техник ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқди. У 6 та компонент ва 22 тадбирни ўз ичига олади. Жумладан, “Тезликни тартибга солиш” компоненти мамлакат, шаҳар ва маҳаллий миқёсда тезликни чеклаш тўғрисидаги қонунларга риоя қилишни таъминлаш, транспорт ҳаракат тезлигини камайтириш мақсадида йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, масалан, йўлни торайтириш ҳисобига, айлана ҳаракат майдонларини яратиш, сунъий ўйдим-чуқурлар (“ётқизилган полициячилар”), ён тарафдан бўртиқлар ва рифель овозли полосалар яратиш ҳисобига. “Транспорт воситалари хавфсизлиги мезонлари” компоненти автотранспорт воситаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик камарини тақиш, олддан ёки ёндан уриш, пиёдалар ҳимояси, ISOFIX болаларни олиб юриш ускуналарини маҳкамловчи нуқталар каби техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни назарда тутади. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлаш фаолиятини бошқариш” компонентининг муҳим чоралари қаторида маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини мустаҳкамлаш асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини мониторинг қилиш, таълимни ташкил этиш ва ахборот кампанияларини ўтказиш орқали хабардорликни ошириш.

Жаҳон амалиёти кўрсатганидек, йўлларда травматизмни камайтириш ва олдини олиш, ўлим ҳолатларини камайтириш мумкин. Мисол учун, Норвегиянинг пойтахти Осло шаҳрида 2019 йилда ўлимга сабаб бўлган биргина ЙТҲ содир бўлди: автомобиль панжара тўсиққа урилиши натижасида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Битта ҳам пиёда ёки велосипедчи ўлими ҳолати содир бўлмади.

Осло йўлларидаги вазиятни яхшилашга шаҳар ичида тезликни кескин чеклаш, шаҳар марказий туманларида автомобиль йўллари сонини камайтириш, йўл қопланиши сифатини яхшилаш ва автомобилларнинг замонавий ускуналар билан таъминланиши каби омиллар сабаб бўлди. Шу билан бирга, Норвегияда велосипедлар тобора оммалашиб боряпти.

Шу сабабли, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жаҳон амалиёти ва юртимиздаги вазиятни комплекс тадқиқ этиш асосида шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктлари йўлларида энг юқори ҳаракат тезлигини 70 км/соат дан 60 км/соат га пасайтириш масаласини илгари суради.

Шунингдек, жамоат транспорти тармоғини ривожлантириш ва шаҳарнинг марказий қисмларида сайр учун майдонларни кенгайтириш масаласини долзарб деб ҳисоблайди. Йўл инфратузилмасини лойиҳалашда ва бу каби лойиҳаларнинг амалга ошишини назорат қилишда жамоатчиликнинг иштироки муҳим.

Аҳолини (ҳайдовчи ва пиёдаларни) хавфсизлик камарларидан фойдаланиш, автотранспортни болаларни олиб юришга мўлжалланган ўриндиқлар билан жиҳозлаш, тезликни оширишнинг аянчли оқибатларига алоҳида урғу бериб йўл ҳаракати қоидаларидан хабардор қилиш бўйича оммавий кампания ўтказиш таклифи билдирилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча манфаатдор томонларни, шу жумладан, халқаро ташкилотларни мазкур соҳада ҳамкорлик қилишга чақиради.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
матбуот хизмати

1 534
ЎзА