Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2017 16:44 Чоп этиш версияси

Йўл-транспорт ҳодисалари камаймоқда

Мамлакатимизда пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Сардоба туманида ҳар ҳафтанинг пайшанбасида профилактика тадбирлари, ҳар шанба куни туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси томонидан қўшма рейдлар ўтказилаётир. Бу йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайишига хизмат қилди.

Туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 364 йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган. Жумладан, маст ҳолда, хавфсизлик камарини тақмасдан, ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқариш, автомобилни бошқараётган пайтда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш, белгиланган тезликни ошириш ва пиёдалар томонидан қоида бузилиш ҳолатлари қайд этилган.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 тага камайган.

Тумандаги касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида профилактика тадбирлари ўтказилиб, қоидабузарлик ҳолатлари кенг жамоатчилик ўртасида атрофлича муҳокама қилинмоқда.

– Айни пайтда қиш мавсумида ходимларимиз ҳушёрлигини янада ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш устида иш олиб борилмоқда, – дейди Сардоба тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси катта инспектори, майор Б.Холмуродов. – Асосий мақсадимиз, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Ана шу мақсадда туманимиз ҳудудида 46 турли йўл белгилари ўрнатилиб, яроқсиз ҳолга келган 45 йўл белгиси янгисига алмаштирилди. Ички йўлларнинг 400 километри капитал, 78 километри жорий таъмирдан чиқарилди. Туман марказидаги Дўстлик ва Шарқ кўчалари кесишган жойга янги замонавий светофор ўрнатилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди идораларга 8 тақдимнома киритилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 545






Все о погоде - Pogoda.uz