Йўл-патруль хизмати инспекторига фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ўн ойга қамалди
Ички ишлар ходимини ҳақоратлаган бухоролик фуқаро М.Ё.жавобгарликка тортилди.
Ички ишлар ходимини ҳақоратлаган бухоролик фуқаро М.Ё.жавобгарликка тортилди.
Воқеа шу йил 7 август куни Бухоро шаҳрининг “Марказий бозор” чорраҳасида содир бўлган. Сафдор З.Жўраев гавжум чорраҳада йўл белгисига амал қилмасдан ҳаракатланган “Нексия” автомашинани тўхтатиб, содир этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини билдирган.
Ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабини бажармасдан, ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни тортиб олиб, машинасини ҳайдаб кетиб қолган. Орадан 5 дақиқа ўтгач, қайтиб келиб, куч ишлатиб, ходимни қўлидан тортиб, йўлнинг нариги томонига олиб ўтган.
Жанжал кўтариб, хизмат фаолиятини олиб бораётган ходимнинг кўкрак нишони, радиоалоқа воситаси ҳамда жезел таёғини тортиб олган. Ҳатто эгнидаги хизмат кўйлагини йиртиб, фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.
ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, қонунбузарликка йўл қўйган М.Ё. суд ҳукмига кўра 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 219-моддасига кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш - уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.