ЎзА Ўзбек

31.05.2018 19:27 Чоп этиш версияси

Йўл-патруль хизмати инспекторлари танага ўрнатиладиган видеокамераларни синовдан ўтказмоқда

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан маълум қилишларича, пойтахтимизда йўл-патруль хизмати инспекторлари учун “bodycam”, яъни танага ўрнатиладиган видеокамералар синовдан ўтказилмоқда.

Хизматнинг бир неча ходимлари бундай турдаги видеокамералар билан таъминланди. Ушбу мосламалар видеокамера ҳамда юз бераётган ҳодисаларни узлуксиз аудио ва видео ёзувга оладиган махсус аппарат қисмдан иборат. Қолаверса, камералар тузилиши шундай ишланганки, номақбул деб топилган қайдларни ўчириш ёки таҳрир қилиш мақсадида ёзиб олинган материалларга аралашишнинг иложи йўқ. Шунингдек, ушбу камералар ягона марказлашган бошқарув тизимига уланган бўлиб, бу ЙПХ инспекторлари кундалик фаолиятини мунтазам назорат қилишни кафолатлайди. Танага ўрнатиладиган видеокамералардан фойдаланиш ЙПХ ходимлари ишининг ошкоралигини янада кучайтириш, шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида уларнинг хатти-ҳаракати қонунийлигини аниқлаш имконини беради ҳамда ушбу соҳада коррупцияга барҳам беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бир ой давом этадиган тажриба-синов натижаларига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятида бундай видеокамералардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш юзасидан қарор қабул қилинади.

Бундай камералар, масалан, Буюк Британияда ҳам қўлланмоқда, бу полиция ходимлари ишини сезиларли даражада яхшилашга, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик каби ҳолатларни камайтиришга хизмат қилган.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 630