ЎзА Ўзбек

17.08.2018 20:59 Чоп этиш версияси

Йўл ҳаракати хавфсизлиги – долзарб масала

Президентимиз раислигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Дўсмуҳамедов қуйидагиларни гапириб берди:

– Президентимиз видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомил­лаштириш, йўл инфратузилмаси сифатини тубдан яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шароит яратиш масалалари замондан анча ортда қолиб, муаммолар ўткирлашиб бораётган эди.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ана шу муаммолар ечими йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Концепциянинг асосий ғояларидан бири бу – йўл ҳаракатини ишончли, хавфсиз тарзда, сифат даражаси янгича бўлган ҳолда ташкил қилиш ва соҳадаги давлат бошқаруви самарадорлигини оширишдир. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда нафақат соҳа ходимлари, балки йўл ҳаракати ҳар бир иштирокчисининг масъулияти белгилаб берилган мазкур ҳужжат йўл қоидалари бузилиши ҳолатларига жамоатчилик муносабатини шакллантириб, ҳар бир инсонни ўзи ва атрофидагилар ҳаёти учун масъулиятни чуқур ҳис қилишга ундайди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Концепциянинг асосий йўналишлари ҳамда "Йўл харитаси"да назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши учун манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилган. Демак, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тор доирадаги ёки бир соҳагагина тегишли вазифа эмас. Шу нуқтаи назардан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилгани эътиборга молик чоралардан бўлди.

Яқинда вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгашининг дастлабки йиғилиши ўтказилди. Унда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини тизимли асосда ўрганиб бориш, "Йўл харитаси" ижросини мониторинг қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари фаолияти қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни тайёрлаш ва киритиш каби бошланғич вазифалар белгилаб олинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Концепцияда ҳафтанинг ҳар жума куни мамлакатимизда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” деб белгилангани, “Автомобилсиз кун” акциясининг жорий қилинишига эътибор қаратилгани масалага жамоатчиликни жалб этиш йўлидаги самарали тадбирдир.

Ҳозирги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар учтадан биттаси пиёдалар иштирокида содир этилаётганидан келиб чиқиб, Концепцияда пиёдалар қоидабузарлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қоидабузар пиёдалар шахсини аниқлаш механизми ва улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида электрон протоколларни расмийлаштириш тартибини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Пиёдалар ҳаракатни тўхтатиши ва бошлаши тўғрисида огоҳлантиришнинг замонавий сигнал берувчи тизимларини жорий этиш, пиёдалар учун янги ўтиш жойлари ташкил қилиш кўзда тутилган.

Кейинги йилларда умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати қоидалари” дарси мутлақо ўтилмай қолган эди. Энди мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Умумтаълим мактабларида эса ўқувчиларга йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш қоидаларини ўргатувчи дастурларни ўз ичига олган “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” фанидан сабоқ берилади. Болаларга “Йўл ҳаракати қоидалари”, жумладан, велосипед ҳайдаш кўникмаси ва йўллардан ўтиш тартиби илғор хориж тажрибаси асосида ўргатиб борилади. Хусусан, Норвегия тажрибаси асосида “Йўл ҳаракати қоидалари” ўргатилишини ташкил этиш учун махсус жиҳозланган автобурчаклар яратилади. Бундан ташқари, 18 ёшга тўлган, таълим олган ва имтиҳонни белгиланган тартибда муваффақиятли топширган шахсларга "А" ва "В" тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини шаҳодатномага қўшиб таълим муассасасида бериш йўналишида ҳам иш олиб борилади. Шу соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларида умумтаълим мактабларидаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” фанига доир ўқув курслари ташкил этилади. Умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар ўқувчилари орасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича викториналар ўтказилиши йўлга қўйилади.

Албатта, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда тарғиботнинг алоҳида ўрни бор. Оммавий ахборот воситаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасликнинг сабаб ва оқибатлари, жумладан, йўл ҳаракати доирасида пиёдалар масъулияти масаласини ички ишлар органлари масъул ходимлари томонидан профессионал ва тушунарли ёритиш бу борада самарали воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, Концепцияда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабргача илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида йўллардаги безорилик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш тўғрисида таклиф киритиш топшириғи берилган. Қоидабузарликларга қарши курашишда жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторларидан олинадиган видеоёзувлардан ҳам самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Бунда шахсий маълумотларнинг махфийлигини сақлаб қолиш имконияти таъминланган ҳолда уларни рағбатлантириш механизми ҳам жорий этилади. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади. Автомобиль йўлларида транспорт воситаларини тўхтатиш ва махсус тадбирлар ўтказиш тартиби такомиллаштирилади ҳамда бунинг учун асослар рўйхати тузилади. Албатта, бунда жамоатчилик фикрига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ишини ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш тамойили ҳисобга олинган ҳолда, йўл-патруль хизмати куч ва воситаларини оқилона тақсимлаш чора-тадбирлари кўрилади. Транзит ва давлат ички транспорт оқимини амалга ошириш учун мақбул шароитлар яратишга йўналтирилган халқаро автомобиль йўллари инфратузилмаси такомиллаштирилиб, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шароит яратишни назарда тутувчи республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунда автомобиль йўллари ҳолати, йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган «авария ўчоқлари»ни ўрганиш, аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш чораларини кўриб бориш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик, ДЙҲХХ ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш бўйича қонуний талабини бажармаганлик, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойни тарк этганлик каби қонунбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари бўлган ва ДЙҲХХ рухсатисиз транспорт воситасини таъмирлаб олган шахслар жавобгарлигини белгилаш чоралари кўрилади.

Хориж тажрибасини ҳар томонлама ва атрофлича ўрганиб чиқиш ҳисобига балл тўплаб бориш тизимини жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади. Мисол учун, ҳар йили ҳайдовчига 12 балл берилади ва бу баллар ҳайдовчи томонидан содир этилган қоидабузарликлар турига қараб камайиб боради. Айтайлик, ҳайдовчи 12 баллик қоидабузарлик содир этса, у маълум муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Балл тизимини қўллашда жарима баллари йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг оғирлик даражасига қараб белгиланади. Агар ҳайдовчи жарима балларини ишлатмаса, яъни муайян вақт ичида йўл ҳаракати қоидасини бузмаса, қоидабузарлик содир этмаса, бундай ҳайдовчиларни рағбатлантириш механизми жорий этилади. Демак, фақат жазо бериш йўли билан эмас, балки рағбатлантириш орқали ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишнинг афзалликлари тарғиб қилиб борилади.

Бундан ташқари, жаҳон андозалари асосида светофорнинг тақиқловчи чироғи ёниб турганда бурилишга рухсат берадиган йўл белгилари ва ишоралари жорий этиш, автотранспорт воситасида болалар учун махсус қурилмалардан фойдаланиш, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чоралари кўрилади. Йўл белгилари, жумладан, радар борлигидан хабардор қилувчи йўл белгилари ҳам халқаро андозаларга мувофиқ янгиланади.

Охирги уч йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситалари инвентаризация қилинади ва утилизацияга топшириладиган ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлинадиган транспорт воситаларини ҳисобдан мажбурий тарзда ўчириш тартиби белгиланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотларни кенг жалб қилган ҳолда, транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш тартиби мажбурийлиги ва муҳимлигини мунтазам тарғиб қилиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Концепцияда халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш ҳамда соҳага инновацион технологияларни жорий этиш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар назарда тутилган.

Акромжон Сатторов ёзиб олди, ЎзА
4 840