ЎзА Ўзбек

06.07.2018 16:30 Чоп этиш версияси

Вояга етмаганлар ўртасида бир дона ҳуқуқбузарлик қайд этилса ҳам кўп

Вояга етмаганлар ўртасида бир дона ҳуқуқбузарлик қайд этилса ҳам кўп Мамлакатимизда бўлгани каби Сирдарё вилоятининг барча таълим муассасаларида ҳам ўқув йили ниҳояланиб, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ёзги таътилга чиқишди.

Лицей ва коллеж битирувчиларининг кўпчилиги олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларга ҳозирлик кўраётган бўлса, баъзилари ўқиган касб-ҳунар коллежларида ўрганган касб-корлари бўйича иш фаолиятларини бошлаб юборишди. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг баъзилари ёзги таътилни болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, бошқалари эса ота-оналари бағрида ўтказишмоқда.

Лекин шундай вояга етмаган болалар ҳам борки, ҳуқуқбузарлик, дарсларни мунтазам қолдириш, фанларни ўзлаштирмасликлари туфайли ёзги таътилда ҳам доимий назоратда турибди.

Бошқа ҳудудларидаги сингари Сирдарё вилоятида ҳам таълим муасасалари ўқувчиларнинг дарс машғулотларига ўз вақтида қатнашишини ўрганиб бориш жараёнида дарсларга сабабсиз қатнашмаётганларини аниқлаш, сабабларини ўрганиш, таҳлил қилиш, машғулотларни ўзлаштиришини яхшилаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ва жамоатчилик вакиларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Ушбу комиссия таркибига бириктирилган 195 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, 118 нафар халқ таълими, 38 нафар ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, 13 нафар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар, туман кенгашлари, 221 нафар фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик вакиллари вилоят бўйича 143 ишчи гуруҳида фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг ўган 6 ойи давомида ана шу гуруҳлар томонидан вилоятидаги мавжуд 297 умумтаълим мактаблари, 3 академик лицей ва 48 касб-ҳунар коллежларида “Давомат”, “Тиғ”, “Тун” пофилактика тадбирлари мунтазам равишда ўтказиб борилди. Ушбу тадбирлар – жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида умумтаълим мактабларида 1 минг 485 маротаба, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 848 маротаба ўтказилиб, унда 1 минг 326 нафар ўқувчи узрли сабабларсиз ҳамда мунтазам равишда дарс машғулотларига қатнашмаётгани аниқланди. Уларнинг 395 нафарини умумтаълим мактаблари, 931 нафарини эса акдемик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари ташкил этди.

Ўқувчиларнинг дарс машғулотларига қатнашмаслик сабаблари таҳлил қилинганида, 200 нафар ўқувчининг яшаш манзиллари таълим муасасасидан олисдалиги ва махсус транспорт воситаси ажратилмагани, 24 нафар ўқувчи-қизнинг турмушга чиқганлиги, 9 нафар боланинг ўқишга қизиқмаслиги, 10 нафари тарбияси оғир вояга етмаганлар бўлиб, бир неча бор оиласидагилар билан чиқишмасдан уйидан кетиб қолганлиги, 47 нафари яшаш манзилидан узоқ муддатга чиқиб кетганлиги, 965 нафари ҳеч бир сабабларсиз ва 71 нафари кам таминланган оилалар аъзоси бўлганлиги туфайли дарс машғулотларига қатнашмаган.

Ана шу тадбирлар давомида фарзандларини дарс машғулотларига қатнашишини таъминламаган 912 нафар ота-онага нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан баённомалар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўриш учун, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларига ҳамда маъмурий ишлар бўйича тегишли суд идораларига юборилди. 274 нафар ота-оналар ва 345 нафар вояга етмаганлар эса профилактик ҳисобга олинди, 10 нафар вояга етмаган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муасасасига юборилди. Шу билан бирга, юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан таълимни бошқариш органларига 45 та тақдимнома киритилди.

– Юқорида зикр этилган комиссия, вилоят ИИБ профилактика инспекторлари, маҳалла-кўй, таълим муассасалари томонидан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида 395 нафар ўқувчи умумтаълим мактаблари, 884 нафар ўқувчи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари дарс машғулотларига қайтарилди, – дейди вилоят ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспектори, капитан Мансур Байэшанов. – Шунингдек, дарс машғулотлари вақтида мақсадсиз, қаровсиз ва назоратсиз юрган 611 нафар вояга етмаганлар, жумладан, 291 нафар умумтаълим мактаблари, 278 нафар академик лицей ва касб-хунар коллежлари ўқувчилари, 42 нафари боғча ёшидаги болалар вилоят ИИБ ҲПБга бевосита бўйсунувчи вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди ҳамда ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахсларга қонуний равишда топширилди.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида вилоятдаги таълим муасассаларида ўтказилган “Тиғ” (ўткир тиғли жисм) тадбири давомида ўқувчилар томонидан дарс машғулотларга ўткир тиғли жисмларни олиб келиш ҳолати қайд этилмади.

Вояга етмаганларни, тунги вақтларда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг кузатувисиз кўнгил очар жойларда, интернет клублар, қаҳвахона, чойхоналарда бўлишини олдини олиш мақсадида, мутассади ташкилотлар билан ҳамкорликда “Тун”ги рейдлар ўтказилди.

Ушбу профилактика тадбири давомида вояга етмаганларни ота-онасини ёки уларни ўрнини босувчи шахсларни иштрокисиз кўнгил очар жойлар, интернет кафеларда бўлишига йўл қўйган 5 нафар шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 188-2 моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли ҳудудий судлар томонидан маъмурий жазолар қўлланилди.

– Ўқувчиларнинг ёзги таътили бошланиши билан вояга етмаганларнинг бўш вақти ҳам кўпаяди, – дейди Сирдарё вилоят ИИБ ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Шароф Ўролов. – Ўқувчилар таълим муассасаларига бормаётганликлари сабаб устозлари томонидан бўлган назорат маълум даражада бўлсада камайди. Шу сабаб сохамиз ходимларининг ҳушёрлигини ва назорат масъулиятини икки ҳисса оширдик.

Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, адлия, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ёзги соғломлаштириш ва кундузги мавсумий оромгоҳларга жалб этилмаган ўқувчи-ёшлар ўртасида ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар, танлов, викторина, учрашув ва кечалар, турли спорт мусобақалари ташкил этилаяпти. Унда ўқувчи-ёшларимиз бажонидил иштирок этишаяпти.

Ўтган 2017 йилнинг шу даврида ҳисобот охирида ҳисобда турган вояга етмаганлар сони 406 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврига келиб, уларнинг сони 68 нафарга камайди. Лекин бу рақам бизни қаноатлантирмайди. Токи, вояга етмаганлар ўртасида бир дона ҳуқуқбузарлик қайд этилса ҳам – бу кўп. Демак ҳали ҳамкорликни янада оширишимиз, амалга ошираётган ишларимиз самарадорлигини янада яхшилашимиз, фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтишини тўлиқ таъминлашимиз ва уларнинг ҳар бир дақиқасини доимий назоратимизда тутмоғимиз лозим. Шиоримиз – бизнинг ҳудудимиз вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлигидан холи ҳудудга айланиши шарт.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири
7 323