Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 17:51 Чоп этиш версияси

Водийнинг ноёб гиламлари

Водийнинг ноёб гиламлари
Мамлакатимизда гиламчиликнинг ривожи узоқ асрларга бориб тақалади. Чунки қадимдан чорвадор халқимиз жун маҳсулотларидан гилам тўқиш, кигиз босиш ишларини санъат даражасига олиб чиққан. 

Археологларнинг маълумот беришича, юртимиз ҳудудида милоддан аввалги I минг йилликда гиламчилик мавжуд бўлган.

Айниқса, гилам тўқиш XVIII асрларга келиб, Ўрта Осиё бўйича Фарғона водийсида юқори даражада ривожланади. Бугунги кунда мазкур ҳудуднинг турли жойларига оид нодир гиламлар юртимиз музейларида аждодларимизнинг моддий мероси намуналари сифатида сақланиб келинаётгани ниҳоятда қувонарлидир.

5 (1).jpg

Ўзининг бир асрлик фаолиятига эга Ўзбекистон давлат санъат музейи фондида ҳам Фарғона водийсининг ноёб гиламлари сақланмоқда. Уларни музей фондига олиш жараёни ХХ асрнинг 30-йилларидан бошлаб турли экспедициялар асосида бошланган. Шу тарзда халқ амалий санъатининг бошқа турлари қатори бу ерда Фарғона ва Андижон вилоятларига оид гиламлар жой олди.

8 (1).jpg

– ХХ аср бошларида Андижон, Қўқон каби шаҳарлар гилам тўқишнинг асосий марказларига айланади, – дейди музейнинг халқ амалий санъати бўлими мудири Обид Тангиров. – Аслида водий гиламчилик мактабининг шаклланиши Қўқон хонлиги ривожланган даврларга тўғри келиб, кейинги даврлардаги тўқилган гиламларда айни шу мактабнинг услубларини кўриш мумкин. Гиламлар тахтадан иборат бўлган ётиқ ва тик ҳолатдаги дастгоҳларда тўқилган. ХХ асрнинг 20-30 йилларига келиб эса гиламлар нафақат дастгоҳларда, балки гиламчилик корхоналарида тўқиш йўлга қўйилади. Музейимизда Фарғона водийсига оид гиламлар ўттиз донага яқин бўлиб, улар XIX ва XX асрларга тааллуқлидир. Ушбу санъат асарлари орасида қўл меҳнати эвазига тўқилган гиламлар билан бирга Андижондаги “Меҳнат гули” артелида тайёрланган 1952 йилга оид гилам ҳам корхонанинг намунаси сифатида музейда сақланади. Ўзида Андижон гиламчилик анъаналарини жо этган Булоқбоши тумани ҳудудига оид “қоқма” услубида қўлда тўқилган палослар ҳам музейнинг бебаҳо санъат асарларидандир.

3 (1).jpg

Қўқон гиламчилик мактабига хос палослар ҳам музейнинг қимматли ашёларидан. ХХ асрнинг II ярмига мансуб ушбу асарлар услуби ва ранглардаги ўзига хослиги билан Қўқон гиламчилиги анъаналарини ўзида мужассам этган. Палоснинг гиламдан фарқи туклари йўқлигида бўлиб, у қўй ва туя жунидан, эчки қилидан тайёрланган. Бугунги кунда ҳам баъзи ҳудудларда бу анъана тарихий ва замонавий уйғунликда такомиллашиб бормоқда.

1.jpg

Ўзининг тўқсон саккиз мингдан ортиқ асори-атиқасига эга Ўзбекистон давлат санъат музейи фондида сақланаётган бу тарихий гиламлар нафақат Фарғона ҳудуди аҳолиси ҳунармандчилиги анъаналари, балки ўтмиш маданияти, удумларидан бизни хабардор этади. Шу жиҳатдан ҳам улар музей хазинасининг сара дурдоналари сифатида ўзининг қимматини сира йўқотмайди.

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
5 883