ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:34 Чоп этиш версияси

Водий дурдонаси янада чирой очмоқда

Водий дурдонаси янада чирой очмоқда Бугун қай бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, гап амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва уларнинг самараларига бориб тақалади. Ҳаётида, онгу тафаккурида рўй берган ўзгаришлар, турмуш тарзи тобора юксалиб бораётгани ҳақида оиласи, маҳалласи мисолида ғурур билан гапиради.

1.JPG

Юртимизда инсон манфаатлари қадрланади. Фаровонликка йўналтирилган лойиҳалар бугун ҳар бир инсон ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Марғилон азалдан миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, муқаддас қадамжолари билан хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига мафтун этиб келган. Президентимизнинг топшириғи асосида туризмни ривожлантириш, миллий ҳунармандлик марказини ташкил этиш учун аниқ тадбирлар белгиланди. Ҳунармандлик ва сайёҳлик мавзеларни қуриш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шаҳарнинг темир йўл кўпригидан темир йўл вокзалигача бўлган Хиёбон кўчасидаги 17 гектар ер майдонида ҳунармандлар шаҳарчаси қурилиши учун ажратилди. Бу ерда мавжуд эски бинолар бузилиб, қурилиш объектлари учун ер майдонларини тайёрлаш, коммуникация ишларини бажариш бошланди. Айни пайтда шаҳарчада меҳмонхона, карвонсарой, дам олиш ва спорт мажмуалари, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда.

“Карвон” буюк ипак йўли композицияси шаҳарча кўркига кўрк қўшади. Режалаштирилган объектлар орасида муз саройи, “Гимнастика” соғломлаштириш спорт мажмуалари алоҳида аҳамиятга эга. Муз саройи вилоятдаги илк қишки спорт мажмуаси бўлади. Бу ерда фигурали, конькида учиш, хоккей каби қишки оммавий спорт турлари билан шуғулланиш имконияти яратилади.

Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари барчани мамнун этмоқда. Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга кенгайтирилди. Эркин Воҳидов номидаги муҳташам музей, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими биноси, ижодкорлар хиёбони, ёш ижодкорлар мактаб-интернати, 2 минг кишилик амфитеатр, Нуронийлар маскани замонавий меъморчилик андозалар асосида бунёд этилди. Замонавий аттракционлар болалар ихтиёрида. Мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар кишига завқ бағишлайди.

Маданият ва истироҳат боғини кезар экансиз, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини яхшилик ата.

Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,

У гулнинг исмини гўзаллик деб қўй.

Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,

Сув бер ва бу сувга меҳр деб қўй от.

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.

деган кишини эзгуликка, гўзаллик ва яратувчанликка ундовчи сатрлари ёдга тушади.

Албатта бундай ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари барча шаҳар ва туманларда давом этмоқда. Фарғона туманида жойлашган “Миндонобод агросаноат” агрофирмасида ҳам истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.

7.JPG

8.JPG

18.JPG

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дунёга машҳур ва экспортбоп энг ноёб техник узум навларини етиштиришга ихтисослашган боғларимиз 1000 гектарга етказилмоқда, – дейди “Миндонобод агросаноат” агрофирмаси раҳбари Мўминжон Мамадалиев. – Табиий вино маҳсулотлари, ликёр-ароқ, коньяк спирти ишлаб чиқариш учун лицензия олиниб, Италия ва Болгариядан энергия тежамкор тармоқлар – қайта ишлаш, совутиш, қадоқлаш ва сақлаш технологиялари келтириб ўрнатилди. Маҳсулотларимизни Хитой ва Россияга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик келишувларига эришилди. Экспорт географиясини мунтазам равишда кенгайтириб бориш учун маркетинг бўлими мутахассислари жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганмоқда. Шу тариқа маркетинг сиёсатини ривожлантириш орқали миллий брендлар яратишни режалаштирганмиз.

Узумчиликда инновацион технологияларни кенг жорий этиш мақсадида томчилатиб суғориш усули жорий этилиб, агротехник тадбирларни сифатли ва самарали ташкил этиш учун сарф-харажатларни камайтирувчи қуёш панеллари ўрнатилди.

Агротуризмни ривожлантириш учун сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилди. Унга кўра хорижлик сайёҳларга замонавий автобусда узумзор боғни айланиб, заводга тегишли дегустация ҳудудларида маҳсулотлардан баҳраманд бўлиш имконияти яратилади. Шу билан бирга завод ҳудудида жаҳон андозалари талаблари даражасида хизмат кўрсатувчи винобар, умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Айни кунларда узумзор боғ ҳудудидаги муҳташам меҳмонхона, винобар, чўмилиш ҳавзаси, ноёб манзарали дарахтлар хиёбонларини ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилаётир. Бу ички ва ташқи туризмни бугунги кун талаблари асосида ривожлантиришга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда вилоят аҳолиси юрт тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатликда меҳнат қилмоқда. Уларни эзгу ишлар, хайрли ташаббуслар сари руҳлантириб турган энг улуғвор мақсад – бу Ватанимизни янада обод, турмушимизни фаровон этишдир!

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
6 232