Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Виждон ҳукми

Энг адолатли ҳукм қандай бўлади, деган саволга донишмандлардан бири "бу виждон ҳукмидир", деб жавоб қайтарган экан.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтган "Судьялар клуби"нинг навбатдаги мажлисида эсга олинган бу ҳикмат бевосита судьялар фаолияти билан боғлиқлиги боис алоҳида аҳамиятга эга. Дарҳақиқат, судья суд мажлисида қабул қилган қарори ёки ҳукмидан кейин виждони қийналмасагина у чинакам адолат сўзини айтган бўлади. Зеро, ҳақиқатнинг кўзига тик боқа оладиган, тўғри сўз ва одил одам доим виждони олдида пок бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев суд органлари ходимлари, айниқса, судьялар олдига ана шундай адолатли ва холис бўлиш вазифасини қўйган. Бунинг замирида халқимиз манфаатларини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини юксак даражада ҳимоя қилишга қаратилган эзгу мақсад мужассам.

Давлатимиз раҳбари шу йил 13 июнь куни соҳа ходимлари билан учрашувда халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш учун “Судьялар клуби”ни ташкил этишни таклиф этганди. Узоқ йиллар судьялик қилган, ўз касби туфайли обрў-эътибор тўплаган фахрийлар мазкур клуб аъзоларига айланди.

Судьялик лавозимига илк бор тайинланган ёш судьялар таклиф этилган клуб мажлисида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ўз навбатида соҳа ривожига ҳам кенг йўл очгани таъкидланди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш жараёнида суднинг, судьянинг халққа яқинлашуви яққол кўзга ташланди. Муҳими, аҳолининг манфаатини таъминлаш, ишончини қозониш имконияти кенгайди.

– Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимининг тубдан такомиллаштирилгани юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришда муҳим ўрин тутади, – дейди суд тизими фахрийси Каримжон Саидов. – Ўз навбатида, суд фахрийларининг маслаҳатлари, бой тажрибаси ва ҳаётий ўгитлари ёш судьялар учун муҳим ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

– Давлатимиз раҳбари судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш зарурлигига эътибор қаратганди, – дейди Маъмурий ишлар бўйича Яшнобод тумани суди судьяси Умида Маъдиева. – Бунинг учун соҳа ходимлари нафақат қонунларни чуқур билиши ва амалда қўллаши, балки зарур ҳаётий тажрибага, том маънода адолатни ҳис эта олиш қобилиятига эга бўлиши зарур. "Судьялар клуби" шу жиҳатдан ўз вақтида ташкил этилган зарур тузилма бўлиб, у ёш судьялар учун ибрат ва тажриба мактаби бўлиб қолади.

Ўзаро самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда фахрийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, судьялик касбининг масъулияти, одил судловни амалга оширишда судьянинг билими ва юксак инсоний фазилатлари нечоғлик муҳим ўрин тутишига тўхталди. Судьялик нафақат масъулият, балки юксак ишончдир. Уни оқлаш, виждон амри билан фаолият олиб бориш эса халқнинг юксак эътиборига сазовор этади.

Учрашувда ёш судьялар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 382






Все о погоде - Pogoda.uz