ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз

Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Адолат” социал-демократик партияси шаҳар Кенгаши депутатлари ва фаоллари томонидан “Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз” хайрия акцияси ўтказилди.

Маълумки, айни пайтда бутун дунё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонни ҳам коронавирус пандемияси ҳавотирга солмоқда. COVID-19 коронавирус инфекцияси билан боғлиқ айни пайтгача кузатилган ҳолат шундан далолат бермоқдаки, мазкур офатни енгиш учун биринчи навбатда ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик талаб этилади.

Бу борада “Адолат” СДП депутатлари ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Маҳмуджон Балтабаев, Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари Равшан Дастиров, Музаффар Абдуқодиров ташаббуси билан шаҳар санитария-эпидемиология маркази, “Avicenna Medical Service” тиббиёт муассасаси ҳамкорлигида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида шаҳардаги 12 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 28 та хонадон дезинфекция қилинди.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, 2-сектор раҳбари – шаҳар прокурори тадбиркор Дилафруз Ботирова билан ҳамкорликда 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ниқоб ҳамда санитария-гигиена воситалари ҳадъя этилди.

Чирчиқ шаҳрида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бу каби хайрли тадбирлар давом этмоқда.

867
Авазбек Худойқулов, ЎзА