ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Виолен де ВИЛЬМОР: Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга

Виолен де ВИЛЬМОР: Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга

Тарихий алоқаларнинг бугунги босқичида Ўзбекистон – Франция муносабатлари ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бормоқда. Мустақиллик йилларида демократик тамойил ва бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуриш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳозирги кунда янги руҳ ва мазмун касб этгани Ўзбекистондаги ислоҳотларга хайрихоҳ Франция томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Франция Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де ВИЛЬМОР хоним ушбу ҳамкорлик муносабатларининг бугунги даражаси, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ўзгариш ва ташаббуслар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Элчи хоним, мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ тарихга эга дўстлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Франция ва Ўзбекистон алоқалари узоқ ўтмишга, аниқроғи, Амир Темур ва қирол Карл VI ўртасидаги ёзишмаларга бориб тақалади. Бухоро ва Самарқандда IX-XIII асрларда бошланган илк Уйғониш даври, Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби олимларнинг асарлари Европа, хусусан, Франция тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган.

– Бугунги кунда Ўзбекистон сиёсат ва иқтисодий фаолиятда ташқи дунё учун қайта очилмоқда. Бу Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигида қай тарзда намоён бўлмоқда?

– Бу, аввало, сайёҳлар оқими ортишида, визасиз тартибнинг жорий қилинишида намоён бўлмоқда. Иль-де-Франс туристик агентликлари федерацияси делегацияси мавжуд имкониятларни ўрганиш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шундан сўнг 20 та газета ва ихтисослашган журналлар журналистларидан иборат делегация Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатни саёҳат учун тавсия этиладиган йўналишлар ўнталиги рўйхатига киритди.

Шунингдек, бугунги кунда гидроэнергетика, коммунал хизматлар, давлат маблағлари ва бошқа соҳаларда ўтказилган тендер якунлари бўйича Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) томонидан танлаб олинган экспертлар алмашинуви кенгайиб бораётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Университетлар ўртасида илм-фан, туризм, менежмент соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар амал қилади. Ўзбекистонлик талабаларнинг Францияда таҳсил олиши, ўз навбатида, мамлакатингиздаги француз тилига ихтисослашган таълим даргоҳларида француз тилини ўргатиш имкониятлари сезиларли равишда ортди.

Қатор компаниялар ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Уларнинг ютуқлари, имзоланган шартномаларнинг тўлақонли рўёбга чиқарилиши бошқа компанияларни жалб қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Очиқлик катта умид бахш этди ва буни қайд этмасликнинг имкони йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парижга тарихий ташрифи чоғида эришилган келишувлар, икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари мамлакатларимиз ўртасида қарор топган дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шериклик муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.

– БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ва Европа Иттифоқидаги етакчи давлат сифатида Франция Ўзбекистоннинг дунёда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш бўйича халқаро ташаббуслари аҳамиятини қандай баҳолайди?

– Франция БМТга аъзо мамлакатлар глобал муаммоларга биргаликда ечим топишларига эришиш мақсадида ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш сиёсатини илгари суради. Бунинг аҳамияти иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бир мамлакат миқёсида ҳал этиб бўлмаслиги мисолида ҳам намоён бўлади. Бу терроризмга қарши кураш, таълим, замонавий интернет технологияларини бошқариш, иқтисодий барқарорликка эришиш билан боғлиқ муаммоларга ҳам тааллуқли. Франция Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганини қўллаб-қувватлайди. Бу эса Ўзбекистон учун молиялаштириш ставкасининг пасайишида муҳим.

Франция Европа Иттифоқи парламенти "Тўқимачилик баёни"нинг ратификация қилинишини, Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича, шунингдек, "Преференциялар бош тизими плюс" ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар бошланганини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясида таълим бўйича тақдим этилган резолюцияни ёқлаб овоз берди. Ўзбекистон томонидан Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимининг ратификация қилинишини олқишлади.

Қўшни мамлакатлар билан мулоқотнинг фаоллашгани, Ўзбекистоннинг Афғонистонда вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Тошкентда 2018 йил март ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича юқори даражали конференция бу жараёнга янги суръат бахш этди. Мен мамлакатдаги очиқлик сиёсати ва Ўзбекистон дипломатияси ютуқларининг бардавом бўлиши тарафдориман.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси қай даражада амалга оширилмоқда?

– Айрим келишувлар ташрифдан сўнг дарҳол кучга кирди. Франция томони Франция тараққиёт агентлиги орқали Бўстонлиқдаги тоғ-чанғи сайёҳлик зонасини ривожлантириш шартларини ўрганиш, шиша заводини қуриш учун инвестициялар ажратди. Йирик инвестиция лойиҳалари бўйича қарорлар қабул қилинди. Айни пайтда уларни амалга ошириш шартлари бўйича музокаралар ниҳоясига етиш арафасида. Мамлакатимиз манфаатдор компаниялари ва қатор ишбилармон доиралар мазкур жараён ҳамда зиммага олинган мажбуриятларнинг муваффақиятли бажарилишини доимий ўрганиб бормоқда.

– Суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида кечмоқда. Байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

– Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар, ҳамкор мамлакатлар билан олиб бораётган дўстона сиёсати ва мулоқоти бутун минтақада тинчликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва интеллектуал тараққиётга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон халқига тинчлик, ислоҳотлар адолат ва шаффофлик руҳида давом этишини, бой тариx ва маданий меросга эга мамлакатингиз доим гуллаб-яшнашини тилаб қоламан.

ЎзА мухбири

Улуғбек ШОНАЗАРОВ

суҳбатлашди.