ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди

Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида вилоят ҳокими Эргаш Солиев ёшлар билан учрашди. Унда ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва ҳамкор ташкилот раҳбарлари ҳамда ҳудуддаги ёшлар Zoom дастури орқали онлайн тарзда иштирок этди.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларнинг билим олиши ва иш билан таъминланиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. «Ёшлар ойлиги»да режалаштирилган маданий-оммавий тадбирлар карантин талабларига риоя қилинган ҳолда юксак савияда ўтказилганлигини эътироф этди.

Жумладан, ойлик доирасида «Саховат ва кўмак» хайрия акцияси ўтказилиб, барча шаҳар ва туманларда кам таъминланган оилаларнинг, ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олинди ва эҳтиёжмандларнинг уйлари таъмирлаб берилди. «5 та ташаббус уйда», «Коронавирус ва ёшлар» онлайн учрашувлари, китоблар тақдимоти каби тадбирларда ёшлар фаол иштирок этди. 

photo_2020-07-04_19-01-57.jpg  

Шунингдек, ойлик давомида ўтказилган фрилансерликни ривожлантиришга қаратилган “Замонавий касблар“ мавзусидаги онлайн мастер класслар, «Бизнесни бошқаришда муваффақият ва мағлубият омиллари» мавзусидаги онлайн вебинар, «Генерал ва ёшлар» онлайн учрашувларда ёшлар катта қизиқиш ва фаоллик билан қатнашди. ”Ёзни «Камалак» билан" лойиҳаси доирасида вилоятдаги ўқувчилар ёзги оромгоҳларда дам олаётган сардобалик болалар учун кўнгилочар ва бадиий дастурлар намойиш этди.

Учрашув ёшларнинг вилоят ҳокими Эргаш Солиев билан самимий мулоқоти тарзида ўтди. Ёшлар Жиззах шаҳрида ўзбек жанг санъати спортига замонавий спорт мажмуаси бунёд этиш, вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида Германия давлати билан ҳамкорлигини йўлга қўйишда кўмак бериш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Ушбу йўналишдаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Учрашув якунида турли соҳаларда юқори натижаларга эришган ёшларнинг бир гуруҳи вилоят ҳокими ва ёшлар иттифоқининг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

3 212
Т. БEКНАЗАРОВ, ЎзА