ЎзА Ўзбек

20.08.2018 21:51 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди

Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Кармана тумани ёшлари билан учрашди.

Тумандаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ўтказилган мулоқотда ёшлар ўз муаммоларини баён қилди, таклиф ва ғоялари билан ўртоқлашди.

Учрашувда вилоят ҳокими мазкур тарихий дастур ёшларимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, уларнинг келажаги учун янги имкониятлар яратиб берадиган ҳуқуқий ҳужжат эканини таъкидлади. Тижорат банклари масъул ходимлари томонидан ёшларга имтиёзли кредит ажратиш тартиби хусусида батафсил маълумот берилди. 

2.jpg

Карманалик ёшлар вилоят раҳбаридан асосан, тадбиркорлик фаолияти учун кредит ҳамда ер майдони ажратишда амалий кўмак сўради. Хусусан, Бешкент маҳалласида яшовчи Нодир Мадалиев тикувчилик цехи ва гўзаллик салони қуриш учун жой ажратилишини сўраб, мурожаат қилди. Навоий кончилик коллежи ўқувчиси Сардор Сирожов қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида бўш бино зарурлиги, цехнинг иш бошлаши ўндан зиёд хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш имконини бериши айтди.

– Менинг таклифим ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилиши боис вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди, – дейди Н.Мадалиев. – Лойиҳам истиқболи учун туман ҳокими яқиндан кўмак берадиган бўлди. Энг муҳими, маҳалламизда тайёрланадиган ширинликлар ички бозорни тўлдиради. 

8 (3).jpg

Учрашувда тикувчилик билан шуғулланиш истагида бўлган қизларга 40 та тикув машинаси топширилди. Паррандачилик билан шуғулланиш учун имконияти бор икки нафар ташаббускорга 200 бошдан парранда тарқатилди. Шунингдек, тадбир доирасида 5 нафар ёшнинг чорвачилик лойиҳасини ривожлантириш мақсадида қўй-эчки ажратилди.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
6 030