ЎзА Ўзбек

15.03.2019 18:07 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими мард ўғлонларни муддатли ҳарбий хизматга кузатди

Вилоят ҳокими мард ўғлонларни муддатли ҳарбий хизматга кузатди

Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктида жорий йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг навбатдаги гуруҳини кузатиш маросимида вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Э.Турдимов ҳам иштирок этди.

– Фарзандини ҳарбий хизматга кузатаётган ота-оналар бугун энг бахтли инсонлардир, – деди вилоят ҳокими. – Чунки уларнинг фарзандлари вилоятимиздаги 60 мингдан ортиқ чақирилувчилар орасидан сараланган йигитлар. Бу йил Самарқанддан ҳар жиҳатдан соғлом, бақувват, билимли 2500 дан ортиқ чақирилувчигина муддатли ҳарбий хизматга олинмоқда. Демак, йигитлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам бу шарафга сазовор бўлганидан ҳар қанча фахрланса арзийди. Илгари ота-оналар ўғлини ҳарбий хизматдан олиб қолишга ҳаракат қиларди. Ҳозир эса, болам ҳарбий хизматга борсин, армияга қабул қилишда адолатсизлик бўлмасин, деб мурожаат қилмоқда. Бунинг барчаси Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, обрў-эътибори юксалиб бораётгани самарасидир.

7-faqat saytga.JPG

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари, эгнига аскарлик либосини кийган йигитлар ҳам сўзга чиқиб, ўз дил изҳорларини баён этди.

– Ота-онам, қариндош-уруғларим қаторида вилоят раҳбарияти ҳам бизни ҳарбий хизматга кузатаётганидан фахрланиб, қалбим ҳаяжонга тўлиб турибди, – дейди Нодир Ҳазратқулов. – Бу албатта, жуда катта шараф бўлиш билан бирга юксак ишонч, масъулият ҳамдир. Мен ваъда бераман, биз хизмат давомида бу ишончга муносиб бўламиз, сизларнинг юзингизни ерга қаратмаймиз. Жонажон Ватанимизга сидқидилдан хизмат қиламиз.

1.JPG

Тадбирда ҳарбий хизматга отланган йигитларга эсдалик совғалари, китоблар совға қилинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА
2 402