Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 15:15 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими ижодкорлар билан учрашди

Вилоят ҳокими ижодкорлар билан учрашди Давлатимиз раҳбари жорий йил 3 август куни бир гуруҳ ижодкор зиёлилар билан учрашувда юксак маънавиятли, ижтимоий дахлдор инсонни тарбиялашда санъат ва ижод аҳлининг хизмати алоҳида экани қайд этилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ижодкорларнинг ўрни қандай бўлаётгани таҳлил этилиб, улар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она ва фуқаро қалбига чуқур кириб бориши учун ижодий ташкилотлар ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқиши давр талабига айланаётганига эътибор қаратилди.

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг вилоят ижодкорлари билан учрашувида бу алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон халқ артисти Ш.Йўллиев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Б.Асадов, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими раҳбари Э.Жўраев ва бошқалар Президентимиз томонидан ижодкорлар олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун ҳар бир ижодкор Ватан ва халқ олдидаги масъулиятини янада теран англаган ҳолда, қобилият ва имкониятини сафарбар этишини таъкидлади.

Учрашувда рассомлар ижод намуналари намойиш этиладиган кўргазмалар зали ташкил этиш, вилоят мусиқали драма театри ва вилоят қўғирчоқ театри моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, журналистлар ўртасида ижодий кўрик-танлов ўтказиш, ижодкорларни амалий қўллаб-қуватлаш, соҳадаги кадрлар маҳоратини ошириш каби таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими билдирилган ҳар бир таклиф ва муаммо атрофлича ўрганилиб, имконият даржасида ҳал қилинишини қайд этди. Масалан, вилоят Ижодкорлар боғи барпо этилиши, театр ходимлари уй-жой билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.

– Шашмақом – ўлмас мерос ва қадриятдир, – дейди “Бухоро шашмақоми” гуруҳи раҳбари Эшпўлат Ортиқов. – Мақом ёшларимизда миллий ўзлик, миллий руҳ ва миллий ғурур туйғусини қарор топтиришга хизмат қилади. Афсуски, тўй-маросимларда баъзи ёшларимизда ғарбона ёки миллий санъатимиздан узоқ хорижий оҳангларга қоришиқ қўшиқларга мойиллик кучайган. “Оммавий маданият” таъсири бўлган бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун фарзандларимиз ўртасида миллий санъат, халқона қўшиқлар, шашмақомни тарғиб қилиш, мақом кечалари ўтказиш лозим. Ана шу мақсадга хизмат қиладиган “Бухоро шашмақоми” марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифим қўллаб-қувватланганидан хурсандман.

“Бухоро шашмақоми” гуруҳи, Бухоро маданият коллежи, Рассомлар уюшмаси каби турли ижодий ташкилотларга фаолиятини янада такомиллаштириш учун ҳамкор ташкилотлар бириктирилди. Бундай эзгу ташаббуслар ижодий жамоалар салоҳиятини ошириш, юртимиз маданияти ва санъати ютуқларини халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этиш, ёш истеъдодларни тарбиялаш, ўзлигимизни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
3 547






Все о погоде - Pogoda.uz