ЎзА Ўзбек

07.07.2020 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими фуқаролар билан учрашувда ноўрин гапирганмиди?

Вилоят ҳокими фуқаролар билан учрашувда ноўрин гапирганмиди?

Шу кунларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Термиз шаҳридаги Намуна маҳалласида ўтказган учрашувида ҳудудда ўғрилик жинояти содир бўлаётгани ҳақидаги мурожаатга жавоби ёзиб олинган видеотасвир ва унга ёзилган изоҳ ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Блогерлардан бири фейсбук тармоғидаги турли гуруҳ ва телеграм каналларда ўша учрашувда олинган видеотасвирдан бир парча эълон қилгач, троллар ва гуруҳдаги айрим шахслар куракда турмайдиган гап-сўзлар билан ҳокимни «дўппослашга» ўтди. Бу ҳолат нафақат, ижтимоий тармоқ балки, давраларда ҳам ҳар хил баҳсларга сабаб бўлди.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларга кириб, билдирилаётган фикр-мулоҳазалар билан бафуржа танишишга вақт ажратолмаганим сабабли дам олиш кунидан фойдаланиб, фейсбукдаги «Халқ назорати», «Халқ билан мулоқот», «Халқ фикри», «Ўзбекистонда адолат» каби гуруҳлар ва телеграмдаги «Сурхондарёликлар муаммоси ва халқ дарди» каналида видеотасвир ҳамда унга блогерлар ёзган изоҳлар муҳокамасига оид гап-сўзларни кўздан кечирдим. Фикрлар орасида ҳокимга ғойибдан «тош» отаётганлар ҳам, уларга қарши соғлом мулоҳаза билдираётганлар ҳам кўп. Албатта, буни сўнгги йилларда юртимизда кенг қулоч ёзган сўз эркинлигининг меваси сифатида қабул қиламиз. Лекин, бу ерда инсоннинг шаъни, ор-номуси, қолаверса ишчанлик обрўсига таъсир этадиган ҳақоратловчи маълумотлар берилгани кўп йиллардан буён соҳада меҳнат қилаётган журналист сифатида мени анча ўйга толдирди.

Иккинчидан, шу йилнинг 7 июнида бўлиб ўтган учрашувда ёзиб олинган мазкур видеотасвирнинг айнан мамлакатимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари кунидан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборилгани ҳам ушбу мавзу бўйича кенгроқ мулоҳаза юритишга ундади.

Ҳокимнинг маҳалладаги жиноятчилик бўйича аҳолига жавобини эшитиб кўрсангиз, вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида бу гапни осмондан олиб эмас, балки ҳаётий тажрибалар, жиноятчилик таҳлилига асосланиб айтганини илғаш мумкин. Чунки, учрашувда жиноятни жиловлаш кераклиги, кейинги ойлар яъни, халқимиз оғир синовларни бошдан ўтказаётган бир пайтда жиноятчиликнинг 50 фоизга камайгани ҳам қисқача таҳлил қилиб берилган. Афсуски, айрим блогерлар бу ҳолатни пашшадан фил ясаб, нотўғри талқин этган. «Ҳоким Россияда ишлаб келаётганларни ўғрига чиқарди», дея хулоса ясаган. Гуруҳларда бу фикрларни қўллаб, мулоҳаза юритаётган троллар ва бошқа шахслар эса бунга қарши гап айтаётганларни «пахтачи», «маддоҳ», дея ҳақоратлашгача бориб етган. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Қачондан буён мамлакатимизда кечаю-кундуз эл хизматида бўлаётган катта-кичик раҳбарларни, давлат органлари ходимларини ноўрин, асоссиз ёмонотлиқ қилган киши «фариштаю», уларнинг хизматларини ҳис этиб, тўғри баҳо берган инсон «маддоҳ» ва «пахтакор» бўлиб қолди?

Мавриди келганда шуни айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларни ўқиб, биз ҳам аввалига блогер ва троллар бир нарсани билса керак, деган ўй билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этдик. Шу йилнинг биринчи ярмида вилоятда юз берган жиноятлар ва хорижда ишлаб келган сурхондарёликлар томонидан содир этилган жиноятлар билан қизиқдик.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойида 213 та турли жиноят содир этилган. Уларнинг атиги 15 таси ўғирлик билан боғлик жиноятлардир. Демак, ҳоким пандемия шароитида воҳада жиноятчилик камайгани ҳақида асосли фикр юритган. Чет элда ишлаб келиб, ўғриликка қўл урганлар тўғрисида ҳам ноўрин гапирмаган. Негаки, мазкур маълумотда хорижда меҳнат қилиб қайтганлар орасида ҳам нафақат ўғрилик балки, ундан ҳам аянчлироқ жиноятларга қўл урган шахслар борлигига кўзимиз тушди. Масалан, Ангор тумани Гулзор маҳалласида яшайдиган фуқаро молхонасидан шу йил 21 март куни тунда бир бош қора мол ўғирлаб кетилган. Тезкор ҳаракатлар натижасида қорамол ўғриси Россияда ишлаб келган Навбаҳор маҳалласилик 21 ёшли йигит экани аниқланиб, қўлга олинган.

Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, вилоят раҳбари ҳам, оддий инсонлар ҳам хорижга бориб ишлаб келаётганларнинг барчасини жиноятчи, ўғри, дейишни ўзига эп билмайди. Инчунун ҳоким ҳам, оддий инсонлар ҳам «блогер» эмас. Қўлида асосли маълумоти бўлмаса, бировга туҳмат қилишдан, обрўйига путур етказишдан чўчийди. Афсуски, хорижда ишлаб қайтганлар орасида бу ердаги ишларни писанд қилмасдан узоқ вақт ишсиз қолаётган ва оқибатда турли жиноятларга қўл ураётган шахслар нафақат, вилоят ҳокими балки бошқа соғлом фикрли инсонларда ҳам ташвиш уйғотмоқда. Ҳар хил норасмий оқимлар гирдобига тушиб келаётган йигитларнинг эртанги тақдири ўйлантирмоқда. Жумладан, йилнинг ўтган даврида содир бўлган жиноятларни таҳлил қилсангиз хорижда ишлаб келган баъзи кимсаларнинг турли террорчилик ташкилотига тегишли материалларни тарқатиш мақсадида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш жиноятини содир этгани, одамлар ўлимига сабаб бўлгани ёки енгил ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятига қўл ургани билан боғлиқ аянчли ҳолатларга дуч келасиз. Улар орасида хорижда ҳам талончилик жиноятини содир этиб, ўзбек миллатини обрўсизлантирган ва маҳалласига қайтгач ҳам жиноят кўчасига кирган шахслар борлиги янада ачинарлидир. Хориждан пул топиб, ақли шошиб қолаётган бундай кимсаларку жиноятига яраша жазо олмоқда. Лекин, уларни ҳимоя қилиш баҳонасида турли даражадаги раҳбарларнинг бир оғиз гапини илиб олиб, нотўғри талқин этиш орқали ижтимоий тармоқларда ўзича пиар ясаётган, раҳбарни обрўсизлантираётган «блогер»ларга чора кўрилмаётгани ажабланарлидир.

Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокимининг учрашувдаги сўзлари муҳокама этилар экан, айрим фойдаланувчилар воҳада иш ўринлари яратилмаяпти, деган эътирозни ҳам илгари сурган. Бу фикр қанчалик асосли? Ростдан ҳам вилоятга хориждан қайтиб келаётганларни ишга жойлаштиришга ёрдам кўрсатилмаяптими?

Таҳлилларга кўра, шу кунгача чет давлатлардан вилоятга 15 минг 155 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини якунлаб, қайтиб келган. Уларнинг 12 минг 194 нафари бўш иш ўринлари, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари, ғалладан бўшаган ер майдонларида такрорий экин экиш ишларига жалб этилган. Шунингдек, улар орасида субсидия бериш орқали бандлиги таъминланган, кичик бизнес соҳасида ўз тадбиркорлигини бошлаган, норасмий секторда банд бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айни пайтда хориждан қайтиб келган бошқа фуқароларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бу масалада муносабат билдираётган кишилар дунёни жиддий хавотирга қўйган пандемия шароитида вилоят ҳокимининг вақти жуда тиғиз ва ишлари янада кўплигини билармикан? Синовли йилда вилоятда 290 га яқин инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, қарийб уч минг янги иш ўрни ташкил этилгани, йил якунигача яна 620 та катта-кичик лойиҳани фойдаланишга топшириб, 7 минг 500 иш ўрни барпо этиш ҳаракатида юрганидан хабари бормикан? Ёки янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, ижтимоий соҳаларда юз бераётган ўзгаришлар билан қизиқиб кўрмадимикан?

Кейинги йилларда ижтимоий тармоқлар блогерлари ҳам мамлакатимизда қонунан бўлмасада, ҳуқуқи бўйича журналистларга тенглашди. Сурхондарё тарафларда баъзи блогерларнинг мавқейи кўплаб ОАВ вакиллариникидан баландлаб ҳам кетди, десак хато бўлмайди. Бунга Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан жойларда блогерларнинг тақдирланаётгани яққол далилдир. Айтинг, амалдаги қонунларимизда оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш жавобгарликка олиб келиши белгиланган мамлакатимизда нега ижтимоий тармоқлар орқали нуфузли раҳбарларга нисбатан халқ фикрини ўзгартиришга уринаётган, обрўйини тушуришга ҳаракат қилаётганлар қачонгача сувдан қуруқ чиқиб кетаверади? Жамиятимизда илдиз отаётган ташвишли бу муаммога ҳуқуқ-тартибот идоралари қандай муносабат билдиради?

17 331
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА