ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими “Чинобод”да сайёр қабул ўтказди

Вилоят ҳокими “Чинобод”да сайёр қабул ўтказди

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бешариқ тумани “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида оммавий сайёр қабул ўтказди.

Унда сектор раҳбари, вилоят ташкилотлари бошлиқлари иштирок этиб, ҳудуд аҳолисининг мурожаатини ўрганди. Аҳолини қийнаётган муаммолар хусусида суҳбатлашди.

Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули учун жой - “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини танлагани бежиз эмас. Вилоятнинг олис ва чегарадош ҳудуди саналган мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Бу ернинг аҳолиси деҳқончиликда яхши тажрибага эга. Айниқса, бу қишлоқ аҳли қовун етиштириш ва уни сақлашда жуда ҳам машҳур.

photo_2019-09-28_15-55-46.jpg

Жорий йилда ҳудуддаги 18-мактабгача таълим муассасаси 2 миллиард 400 миллион сўмликдан ортиқ маблағ эвазига бутунлай янгитдан қурилди. Кўплаб кўчаларнинг ички йўллари асфальт қилиниб, ичимлик суви тортилди. Бугун қўшни Тожикистондан ташриф буюраётган меҳмонлар қишлоқда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳавас қилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Вилоят бошқарма ва ташкилотларининг масъулларидан иборат ишчи гуруҳлар мазкур маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бир хонадонида бўлиб, аҳоли билан мулоқотда бўлдилар. Уйма-уй ўрганишлар ва мулоқот чоғида 135 та хонадонга кирилди. Аҳоли томонидан бир қатор муаммолар билдирилиб, уларни ҳал этиш тадбирлари кўрилди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, беморлар ҳолидан хабар олинди.

Саркор кўчасида яшовчи 93 ёшли Топилахон ая Қодирова бундай эътибордан жуда мамнун бўлди.

photo_2019-09-28_15-55-47.jpg

- Барчаларингизга катта раҳмат. Бизнинг муаммоларимизни эшитаман деб мана уйимизгача келяпсизлар. Шукр, ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Конибодомдан келин бўлиб тушганман. Ўн нафар фарзандим бор, невара-чевараларни санаб адоғига етолмайман. Мана дуо қилиб, уйни тўрида ўтирибмиз, - дейди Топила ая.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур қишлоқда Ўзбекистон, Фурқат ва Бешариқ тумани фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабул давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 49 та турли мазмундаги мурожаатлар қилинди. Шундан 11 таси жойида ҳал этилди, қолгани эса тегишли масъуллар томонидан қонуний тушунтиришлар ўтказилиб, мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими 18-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатда бўлди. Мактабга китоблар жамланмаси туҳфа қилинди, фаол ўқитувчилар совғалар билан тақдирланди. 4–синф ўқувчиси Лазизбек Баҳодиржонов эса Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Дўппи” номли шеърини ўқиб, вилоят ҳокимининг эътирофига сазовор бўлди.

photo_2019-09-28_15-55-48.jpg

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Чўлпоной Мўйдинова ёлғиз икки фарзандни тарбияламоқда. Унинг уйи таъмирга муҳтож эди. Вилоят ҳокимлигининг кўмагида 2 хонали янги уй қурилишига киришилди. Вилоят ҳокими Ш. Ғаниев мазкур хонадонда бўлди, Ч. Мўйдиновага тикув машинаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Шунингдек, қабул давомида 3 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик аравачаси тақдим қилинди.

photo_2019-09-28_15-55-49.jpg


Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

4 102
ЎзА