ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими: ҳар ким ёлғон хабарлардан тийилса, яхши бўларди

Вилоят ҳокими: ҳар ким ёлғон хабарлардан тийилса, яхши бўларди

Бугун Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирокида ўтказилган брифингда Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли вақтинчалик шифохона ташкил этиш ишлари якунига етказилгани маълум қилинди.

– Бу ерда коронавирус инфекцияси билан касалланган ва пневмонияга чалинган беморларни даволаш учун барча шарт-шароит яратилди – деди Э.Турдимов. – Энг зарур дори ва тиббий асбоб-ускуналар – ИВЛ, кардиомонитор, Бобров аппарати, небулайзер билан жиҳозланди. 1080 ўриннинг барчасига консоль ўрнатилиб, беморларнинг кислород билан даволаниши таъминланди. Шифохонада 34 нафар врач, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Бу ерга олиб келинган бемор шу ернинг ўзида рентгентга туширилиб, кардиолог, терапевт ва бошқа тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилади. Коронавирус учун тест ҳамда беморнинг ҳолатига қараб бошқа таҳлиллар шу ернинг ўзида янги ташкил этилган лабораторияда амалга оширилади. Беморларга кислород узлуксизлигини таъминлаш мақсадида замонавий кислород станцияси қўйилди. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида Марказий ҳарбий округнинг кичик мутахассислар тайёрлаш марказида ҳам 1000 ўринли шифохонани тайёрлаш ишлари бошланди.

photo_2020-08-03_16-21-09.jpg

Брифингда Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги фармонига асосан «темир дафтар»га киритилган 10 минг оилага 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилгани қайд этилди. Шунингдек, Қурбон ҳайити арафасида маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлар томонидан шу тоифадаги 2000 га яқин оилага жами 2 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари берилди.

Бундан ташқари, вилоят бўйича «темир дафтар»га киритилган 47 минг 770 та ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож оиланинг 213 минг нафар аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир киши учун 220 минг сўмдан бир марталик ёрдам пулини 15 августгача ажратиш белгилаб олинган. Бу қарийб 47 млрд. сўмни ташкил этади.

Вилоят ҳокими брифинг давомида ижтимоий тармоқларда ана шу моддий ёрдам пули тарқатиш юзасидан турли гап-сўзлар кўпаяётганини қайд этиб, аҳолини асосланмаган, ҳақиқатдан йироқ ахборот тарқатишдан тийилишга чақирди. Кейинги кунларда бир нечта шундай хабарлар ўрганилганда, баён этилган фикрлар ўз тасдиғини топмагани қайд этилди.

– Биз албатта, бу жараён очиқ-ошкора, шаффоф бўлиши тарафдоримиз ва жамоатчилик назорати ўрнатилишидан манфаатдормиз, – деди Э.Турдимов. – Фақат, ҳар ким ёзаётган, айтаётган гапи асосли бўлишига эътибор қаратса, ёлғон хабарлардан тийилса, яхши бўларди. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир фикр, хабарни биз ўрганиб чиқамиз, керак бўлса, бу ишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни жалб этамиз. Ҳақиқатдан ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, бунга йўл қўйган шахсларга белгиланган тартибда кескин чоралар кўрилишини таъминлаймиз.

4 778
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА