ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Вилоят ИИБ бошлиғи ёш ходимлар билан учрашди

Вилоят ИИБ бошлиғи ёш ходимлар билан учрашди

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ёшлар билан учрашди.

Вилоятнинг Шеробод, Музработ, Қизириқ, Бойсун туманлари ички ишлар бўлимларининг ёш ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва изланишларини рўёбга чиқариб, салоҳиятини кенг намоён этиши учун барча шароитлар яратилаётгани, уларнинг илғор ғоя ва ташаббуслари ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, муносиб рағбатлантирилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда уларнинг қизиқишлари, иш ва яшаш шароитлари ҳам чуқур ўрганилиб, ёшлар дуч келаётган муаммолар ечими топилаётгани қайд этилди.

photo_2020-01-26_12-50-32.jpg

Ўтган йили вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий тизимларида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг 1 минг 305 нафари эришган ютуқлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ва вилоят ички ишлар бошқармасининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди. Вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, сафдор Ш. Азизов “Мард ўғлон“ давлат мукофоти билан тақдирланди.

Вазирлик тавсиясига кўра, ўн нафар ёш ходимнинг турар-жой масаласи ҳал этилиб, имтиёзли ипотека кредити асосида кўп қаватли шинам уйлардан тегишли хонадонлар ажратиладиган бўлди.

photo_2020-01-26_12-50-35.jpg

Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ёшларнинг спорт билан шуғулланиб, жисмонан тобланиши ва китоб мутолааси билан маьнавиятини юксалтириши, фикрлаш қобилиятини ошириши учун ҳам барча қулайлик яратилаётир. Хусусан, вилоят ички ишлар органлари тизимида 20 га яқин кутубхона ташкил этилиб, 11 минг 300 дан ортиқ бадиий китоб билан таьминланди.

– Қизиқиш ва интилишларингизга қараб, сизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – деди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов.– Бугун ҳар бир ходим ҳафтада битта бадиий асарни ўқиб, таассуротларини, ички кечинмаларини ҳамкасблари билан ўртоқлашиши учун қулай муҳит яратдик. Ўйлайманки, бу сизларнинг китоб билан дўст тутиниб, маьнавиятингизни юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Эндиликда спорт, саньат, бахшичилик, ҳунармандчилик ва ахборот технологиялари бўйича ҳам иқтидорли ёш ходимларни саралаб, уларга зарур шароитларни яратиб берамиз. Зеро, сизлар келажакдаги янада осойишта ва фаровон турмушимиз бунёдкорисиз. Бундай эътиборга муносиб бўлиб, ўз хизмат вазифангизни сидқидилдан бажаришингизга ишонамиз.

photo_2020-01-26_12-50-37.jpg

Учрашувда бошқарма бошлиғи ҳар бир ёш ходим билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг иш ва оилавий шароитини, ҳаётдаги қизиқишларини ўрганди. Билим ва салоҳияти билан тенгдошларига намуна бўлаётган ёш ходимлар, “Энг намунали таянч пункти” кўрик-танлови Шеробод тумани босқичида ғолиб бўлган таянч пункти профилактика инспекторлари муносиб рағбатлантирилди. Уларга вилоят ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Компьютер жамланмаси ва китоблар совға қилинди.

1 709
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА