ЎзА Ўзбек

18.07.2018 20:25 Чоп этиш версияси

Видеокузатув ўрнатилган ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар камайди

Видеокузатув ўрнатилган ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар камайди Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди.

Маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида соҳанинг қуйи бўғинларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг 2-ички ишлар бўлинмаси барча йўналишларда етарли шароит ва техник имкониятларга эга. Жорий йилнинг март ойида фойдаланишга топширилган мазкур бўлинма биноси қурилишига 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланган. 22 хонадан иборат бинода профилактика инспекторлари, тезкор вакиллар, посбонлар ва навбатчилик қисми, “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, нарколог-шифокорлар учун барча шароит яратилган. Шунингдек, бу ерда маърифат хонаси ҳамда тезкор йиғинларда фойдаланиладиган ётоқхона мавжуд.

Бўлинмадаги ситуацион марказга 26 та айланувчи, 34 та қўзғалмас кузатув камераси орқали Жиззах шаҳридаги спорт мажмуалари, бозор, хиёбон, таълим муассасалари каби аҳоли кўп йиғиладиган ҳудудлар ҳамда энг асосий йўл кесишмаларида рўй бераётган воқеалар тасвири узлуксиз узатиб турилади. Тасвирлар WI-FI ёрдамида, видеотўлқин шаклида радиоантенналар орқали етказилади. Муҳими, бу жараён интернет тизимисиз амалга оширилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу ситуацион марказ давлатимиз раҳбарининг ички ишлар идоралари вакиллари иштирокида 2017 йил 17 августда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жиззахда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш бўйича берилган топшириғи асосида ташкил этилди.

Радиоантеннали видеокузатув қурилмаларидан мамлакатимизда биринчи марта Жиззахда фойдаланилди. Мазкур тадбир қайсидир маънода соҳа вакиллари учун синов ва тажриба вазифасини ўтамоқда.

Йил охирига қадар Жиззах шаҳрида ана шундай имкониятларга эга яна 3 та бўлинма фаолияти йўлга қўйилади. Кузатув камералари сони 241 тага кўпаяди.

Масаланинг энг муҳим жиҳати шундаки, видеокузатув қурилмалари ўрнатилган ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар 38 фоизга камайди. Видеокузатув ускуналари жиноятларни очишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Умуман, Жиззахда ички ишлар ходимлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, уяли телефонлар учун “Jizzax IIB” дастури ишлаб чиқилди. Дастур профилактика инспекторларининг исми-шарифи, телефон рақами, иш манзили, улар бириктирилган ҳудуд ҳақида маълумот олиш ва исталган вақтда боғланиш имконини беради.

Шу билан бирга, бирор ҳолат ёки жиноят тасвирини ички ишлар идораларига чора кўрилиши нуқтаи назаридан жўнатиш мумкин. Бундан ташқари, дастур фуқароларга вилоят ички ишлар бошқармаси ёки шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари масъулларининг қабулига ёзилиш, мулоқот учун бориладиган аниқ вақтни билиб олиш имконини берди. Қидирувдаги шахслар, жиноятлар ва бошқа ҳодисалар бўйича ҳам маълумотларни топиш мумкин бўлади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси тизимидаги идоралар ходимларига 2 мингдан ортиқ уяли алоқа сим карталари тарқатилди. Мазкур корпоратив алоқа рақамлари учун тўловлар 20 фоизга арзонлаштирилган. Интернетдан фойдаланиш имконияти эса 2 баробар оширилди. Асосийси, тезкор йиғин учун бир дақиқада 150 нафар ходимга овозли хабар юбориш имконияти пайдо бўлди. Лўнда қилиб айтганда, йил номига уйғун тарзда тизимда инновацион технологиялар изчил жорий этилаётир.

Абулқосим Аҳмедов, 
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси
Матбуот хизмати раҳбари.

ЎзА
4 970