ЎзА Ўзбек

10.08.2018 11:17 Чоп этиш версияси

ВИДЕО: Самарқандда ўқишга киритмоқчи бўлган фирибгарлар қўлга тушди

ВИДЕО: Самарқандда ўқишга киритмоқчи бўлган фирибгарлар қўлга тушди
Олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам астойдил киришилганига қарамай, “ўқишга киритиб қўяман, тестни ҳал қилиб бераман”, деган ва шу орқали мўмай пул ишлаб олиш илинжидаги учарлар ҳали-ҳануз учраб турибди. Самарқанд вилоятида ҳам айнан шундай мақсадда “Бункер” ташкил қилган фирибгарларнинг бир гуруҳи қўлга олинди.


Гуруҳ аъзоларидан бири Маъруф Нурмуродов навбатдаги абитуриентни Самарқанд Архитектура-қурилиш институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 АҚШ долларини олаётган вақтида Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади. Шундан сўнг, тезкор ўтказилган тадбир давомида фирибгарларнинг ини Самарқанд шаҳар 4-кичик туман 83-уй, 65-хонадонда эканлиги аниқланди.

Эътибор беринг, хонадондан олинган ашёвий далилларнинг ўзи ҳам жиноий гуруҳнинг фаолияти қай даража кенг қулоч ёзганидан далолат беради. Фуқаролик паспортларининг нусхалари ва фотосуратлар, қайд этиш варақалари, тилхатлар, абитуриентларнинг паспортлари ва рухсатномаларнинг асл нусхалари... Буларнинг ўзи ҳам, афсус билан айтиш керак, ўз билимига эмас, аксинча пулига ишонган маънавиятсиз ёшларнинг ҳали-ҳануз борлигини кўрсатади.

Энди жиноий гуруҳнинг фаолиятига тўхталсак. “Пул бўлса чангалда шўрва, боламнинг билими бўлмаса ҳам ўқишга киритаман” деган хомхаёлда юрганларни топиб, уларнинг ҳожатини чиқариш орқали мўмай даромад олиш мақсадида Самарқанд чет тиллари институти талабаси Аброр Акромжонов ўзига ўхшаган уста фирибгарларни топиб махсус гуруҳ тузади.

Гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг ўзига яраша аниқ вазифалари белгилаб берилади. Учқун Авезов тест саволларини ечиб берадиган билимли йигит-қизларни топиш билан шуғулланса, бошқа аъзолар – Маъруф Нурмуродов ва Миржамол Эргашев эса пули кўп абитуриентларни излаш билан машғул бўлади.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ ўз фаолиятида турли усуллардан фойдаланиб келган. Бир қарашда оддий: имтиҳонларга айнан абитуриентга ўхшаш, билими бор, деб ҳисобланган шахс топилган ва у кириб тест саволларини ечиб берган. Агарда бунинг сира иложи бўлмаса, унда хуфёна алоқа воситасидан фойдаланилган.

Олиб борилган тергов олди текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Маъруф Нурмуродов ижарага олиб яшаётган хонадондан 97 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, 13 та абитурентнинг қайд этиш варақаси, ҳужжатларни топширганлик ҳақидаги тилхатлар, 23 дона фуқаролик паспорти ва абитурентлар рухсатномаларининг асл нусхалари топилган. Аброр Акрамжонов яшаётган уй кўздан кечирилганда 14 та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, ДТМ рухсатномалари ва бошқа ҳужжатлар ашёвий далил сифатида олинди.

2 йиллик фаолияти давомида гуруҳ қанчадан-қанча қинғирликлар қилгани ва унинг тўрига кимлар илинганию, чув тушгани ҳақидаги маълумотлар энди тергов ҳаракатлари давомида аниқланади. Лекин бир нарса аниқ, гуруҳнинг фаолияти давомида бундай фирибдан на абитуриентларга ва на уларнинг ота-оналарига заррача наф бўлмаган. Чунки гуруҳ ташкилотчиси томонидан “паравоз” сифатида танланган “билимдон”ларнинг аксарияти аслида чаласавод кўчирмачиларэкани ҳам маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан А.Акрамжонов, М.Нурмуродов, М.Эргашев, У.Авезов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими 
билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
7 449