ЎзА Ўзбек

24.07.2018 20:18 Чоп этиш версияси

Вьетнам делегацияси Бухорода бўлди

Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Вьетнам ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида иштирок этган Вьетнам Социалистик Республикаси саноат ва савдо вазири ўринбосари Хоанг Куок Вионг бошчилигидаги делегация 24 июль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Меҳмонларга вилоят ҳокими Ў.Барноев ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Вилоятда турли тармоқлар, жумладан, енгил саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик йўналишларида хорижлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш учун қулай инвестициявий муҳит яратилгани, икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кенглиги таъкидланди.

Вьетнам делегацияси вакиллари учрашувда берилган маълумотлар, ишбилармонлар билан мулоқот ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.

Меҳмонлар Бухоро шаҳридаги пилла хомашёсини чуқур қайта ишловчи “Бухоро бриллиант силк” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Энг замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона, унинг ошиб бораётган экспорт салоҳияти вьетнамликларда катта қизиқиш уйғотди. Дарвоқе, бу ерда ишлаб чиқарилаётган ипак толаси қатор мамлакатлар, жумладан, Вьетнамга ҳам экспорт қилинмоқда.

Делегация аъзолари Бухоро туманидаги “Бухоро балиқ саноат” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. Улар балиқ етиштириш кластер усулида ташкил этилган корхона цехлари ҳамда 70 гектардан зиёд майдонни қамраб олган сунъий сув ҳавзаси билан танишди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 858