ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Ветеринария соҳаси ходимларининг малакасини ошириш маркази ташкил этилди

Ветеринария соҳаси ходимларининг малакасини ошириш маркази ташкил этилди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Самарқанд ветеринария медицинаси институтида мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказининг 130 нафар битирувчисига дастлабки сертификатлар топширилди.

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати ЎзАга хабар берди.

Президентимиз жорий йилнинг май ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мамлакатимизда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳасида тизимли ишларни йўлга қўйиш учун кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказини ташкил қилиш борасида таклиф билдирган эди.

Сўнгги пайтларда тизимда чорва моллари ва паррандалар бош сонини барқарор оширишни таъминлаш, ветеринария назоратини кучайтириш ва сервис сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. 

– Соҳа олимлари ва амалиётчиларни бир даврага бирлаштирадиган, янги илмий методика ва тажрибаларини мустаҳкамлайдиган муассасанинг ташкил этилишига катта эҳтиёж бор эди, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Алишер Сафаров. – Келажакда ветеринария ва чорвачилик тармоғининг жадал ривожланишида ушбу марказ ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.

Мазкур муассасада айни пайтда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган ветеринария ва зоотехника йўналишидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилинган.

Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш борасида зарур вазифалар белгиланган эди. Жумладан, эндиликда ветеринария ва наслчилик-селекция соҳаларида илмий, услубий ва таълим салоҳияти ҳар томонлама ривожлантирилади. Илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижалари ветеринария ва наслчилик-селекция амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштирилади.

1 391
А.МУСАЕВ, ЎзА