ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Венада Ўзбекистон делегацияси иштирокида қатор сиёсий-дипломатик тадбирлар бўлиб ўтади

Венада Ўзбекистон делегацияси иштирокида қатор сиёсий-дипломатик тадбирлар бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 2-4 декабрь кунлари ташриф билан Австрияда бўлади. Сафар доирасида Вена шаҳрида икки томонлама ҳамкорликка доир қатор сиёсий-дипломатик тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон делегацияси сафарда Австрия Федерал Кенгаши Президенти Карл Бадер, Миллий Кенгашнинг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Райнхард Лопатка, Федерал вазирликнинг Европа, интеграция ва ташқи ишлар бўйича бош котиби Йоханнес Петерлик билан учрашади. ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Вена ваколатхонаси раҳбари ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси Ижрочи директори Юрий Федотов билан музокаралар олиб боради.

Вена шаҳрида 2 декабрь куни Ўзбекистон – Австрия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтади. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Шу куни ташриф дастурига мувофиқ, Вена дипломатия академиясида “Давлат ва жамиятни демократлаштириш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади.

Тадбирда мамлакатимиз делегацияси қаторида Австрия таҳлил марказлари раҳбарлари, ЕХҲТга аъзо давлатлар элчилари, экспертлар ҳамжамияти вакиллари, журналистлар иштирок этади.

2 187
ЎзА