ЎзА Ўзбек

14.08.2020 Чоп этиш версияси

Вазирлик жавоби: уйда даволанаётган беморларга қандай ёрдам берилади?

Вазирлик жавоби: уйда даволанаётган беморларга қандай ёрдам берилади?

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан «Пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган зарур чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда бир қанча масалалар қатори коронавирус касаллигига чалинган беморлар ва карантинга олинган фуқароларга маҳалла вакиллари томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар, хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, касбга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Вазирлик томонидан олиб бориладиган ишлар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларининг «Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарори ишлаб чиқилди.

photo_2020-08-14_22-54-39.jpg

Унга кўра, фуқаролар йиғини ходимлари ва патронаж ҳамширалар ҳамкорликда касалликка гумон қилинган ёки касаллик аниқланган хонадонларда карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича алоҳида назорат қилинади. Фуқаролар йиғини томонидан «Беморларни қайд этиш китоби» юритилиб, беморлар учта — касаллик аломати оғир, касаллик аломати енгил, касаллик аломати бўлмаган тоифалар асосида қайд этиб борилади. 

Касаллик аниқланган барча хонадонлардан ҳар куни 1 маротаба «онлайн хабар» олинади. Шунга кўра, ҳар бир хонадон учун алоҳида назорат ва кунлик таҳлил олиб борилади. Шунингдек, бемор ва унинг хонадон аъзоларининг ҳолидан хабар олиш, унга дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник воситалар етказиб берилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, ҳозирга қадар маҳаллаларда фуқаролар йиғини ходимлари ва патронаж ҳамширалар ҳамкорлигида 165 мингдан ортиқ касалликка гумон қилинган ёки касаллик аниқланган хонадонларда карантин қоидаларига риоя қилиш ҳолатининг назорати амалга оширилди.

2 505
ЎзА