ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Вазирдан хат: “Биринчи бўлишнинг завқи бошқа!”

Вазирдан хат: “Биринчи бўлишнинг завқи бошқа!”
Ҳозир кўпчилик уйда. Ўзимизни, яқинларимизни, ҳамшаҳарларимизни машъум касаллик – коронавирусдан асраш учун ҳам уйимиздан чиқмаслигимиз керак. Китоб ўқиш, рўзғор ишларини бажариш, телевизор кўриш, ижтимойи тармоқларда мулоқот қилишдан зерикканда мактуб ёзиш ҳам мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Вазирдан мактуб/Вазирга мактуб” акцияси давом этмоқда. Эътиборингизга академик Иброҳим Абураҳмоновнинг Тошкент тиббиёт академияси 2-босқич талабаси Зумрадхонга ёзган жавоб хатини тақдим этамиз.

“Ҳурматли Зумрадхон!

Сизнинг соф инглиз тилида битилган мактубингизни олдим. Бу менга ёзилган биринчи жавоб хати бўлгани боис, уни ўқишга ошиқдим.

Онангиз менинг хатимни ўқиб ҳаяжонга тушганингизни, уни ҳатто бобонгиз ва бувингизга ўқиб берганингизни айтди, бундан бошим осмонга етди.

Сабаби менинг мақсадим қалбингизга бироз ҳаяжон, янгича туйғулар олиб кириш, бунинг натижасида сиз ўзингиз, оилангиз ва жамиятимиз учун кўпроқ фойдангиз тегсин.

Мен шу кунларда кўпчиликдан жавоб хатлари кутяпман, аммо айтишим жоизки, биринчи бўлишнинг завқи бошқа ва бу сизнинг келажагингизнинг ёрқин эканидан далолат ҳамдир. (Олим сифатида тадқиқотларим натижасини ҳаммадан аввал тақдим этишга интиламан, ҳамиша ўз соҳамга доир материалларни ўқиб бораман, ва бирор ғоям ёки таклифимни киритиш учун шай тураман!)

Сизни биринчи бўлишга ҳаракатингиздан қувондим, шу тарзда давом этаверинг!

Мен ҳақиқатан ҳам сизнинг инглиз тилида ёзган мактубингиздан кўнглим тўлди. У жуда яхши ёзилган, оддий ва мазмунли, матнингиз ҳам равон. Хатнинг ёзилиши ҳам, тузилиши ҳам мақтовга сазовор. Мен буни кўплаб китобларнинг муҳаррири ва мақолаларнинг рецензенти сифатида айтяпман. Қойил! Шундай давом этаверинг, Зумрадхон! Айтишим жоизки, инглиз тилидаги билимингиз ҳаётингизда ва бўлажак касбингизда ютуқларга эришишингизга ёрдам беради.

Сизнинг шифокор бўлишга қарор қилганингиз, ва ўзингизни ушбу касбда қандай кўришингиз ҳақидаги тиниқ фикрларингиз, хусусан, инновацион технологияларга қизиқишингиз ва келажакда тиббиётга оид билимингизни ривожлантириш бўйича режаларингиз ҳақида ўқиб, мен сизни вазирлигимизнинг ишончли ҳамкори эканингизни тушундим. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон “Ақлли тиббиёт” соҳасида катта ишларни амалга ошириш арафасида турибди ва сиз тўғри йўлдан кетяпсиз! Бу — келажак касби.

Номамнинг сўнгида мен сизнинг АҚШнинг энг нуфузли университетларида таълим олиш ниятингизни буткул қўллаб-қувватлайман. Ўқинг, ўрганинг ва ёш авлодга янги билимларни бериш учун Ватанга қайтинг! Бу сизнинг мақсадингиз бўлиши керак!

Мен сизнинг касбингиз сари босаётган илк қадамларга муваффақиятлар тилайман. Ёзиб туринг, эришган ютуқларингиз ҳақида хабардор бўлай.

Энг эзгу тилаклар билан,

Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги

7 377