ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Вазир ва бўлажак шифокорлар учрашуви​

Вазир ва бўлажак шифокорлар учрашуви​

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари билан учрашди.

Ўзаро мулоқот аввалида ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама муҳофаза қилиш давлатимиз раҳбари эътиборидаги энг муҳим масалалардан бири эканлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда олий маълумотли тиббиёт кадрлари 7 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичларида тайёрланмоқда. Ўтган йилда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича жами 4 минг 490 та қабул режаси шакллантирилган бўлиб, бу 2017 йилга нисбатан 30,3 фоизга кўп. Жорий йилда эса ушбу қабул режаси 5 минг 414 тага етказилиши режалаштирилган. Кадрларга эҳтиёжи юқори бўлган ҳудудлар талабномаларига кўра, мақсадли квоталар, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари бўйича ҳам қабул режалари йилдан-йилга изчил ошириб борилмоқда.

Таълим соҳасида хорижий олий ўқув юртлари билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Айни пайтда тўққизта тиббиёт олий ўқув юртида 24 та хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этилган 9 та бакалавриат йўналишида 1 минг 75 нафар, 5 та магистратура мутахассислигида 47 нафар, 9 та клиник ординатура мутахассислигида эса 37 нафар, жами 1 минг 159 нафар талаба ўқимоқда.

Мулоқотда таъкидланганидек, ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашга ҳам устувор аҳамият берилган. Бугунги кунда 77 та ўрта тиббиёт таълим муассасасининг лойиҳавий қуввати 70 минг нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, уларда бешта: ҳамширалик иши, лаборатория диагностикаси, тиббий профилактика иши, стоматология иши, фармация таълим йўналишларида ўқув жараёни ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020-2021 ўқув йилидан умумтаълим мактабларнинг 11 синф битирувчилари негизида ўрта тиббий таълимда 7 та тайёрлов йўналиши (ҳамширалик иши, фармация, тиббий профилактика, стоматология иши, фельдшер-лаборатория иши, фельдшерлик иши, тиббий-ижтимойи иш) бўйича мутахассислар тайёрланиши белгилаб қўйилди.

Учрашувда битирувчи шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида ҳам вазирлик томонидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани айтилди. Айни пайтда соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритиб келаётган 75 мингга яқин шифокорнинг 4 мингдан зиёди, ўрта тиббиёт ходимларининг эса қарийб 30 фоизини ёшлар ташкил этиши соҳага ёш кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг тасдиғидир.

Вазир ва талаба-ёшлар учрашуви самимий мулоқот руҳида ўтди.

1 489
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА