ЎзА Ўзбек

14.08.2018 17:10 Чоп этиш версияси

Вазир ўринбосари ахборот берди

Бугунги кунда сайёрамизда 2 миллиард инсон темир моддаси ва А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли аксарият болаларнинг ўсиши ва ривожланиши ортда қолмоқда. Буларнинг асосий сабаби соғлом овқатланиш ва турмуш тарзидаги камчиликлардир.

Парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиевнинг ахборотини эшитди. Унда аҳолининг соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш масалалари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, носоғлом овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва бошқа сурункали хасталикларга олиб келмоқда. Бу эса, аҳолининг яхши яшашига ва сиҳат-саломатлигига салбий таъсир қилмоқда. Биргина кенг тарқалган камқонлик анемиясининг ўзи жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолар сирасига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 миллиарддан ортиқ инсон темир танқислиги анемиясига чалинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тўғри овқатланишини ташкил этиш борасида муҳим ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасидаги чора-тадбирлар комплекси ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида тўлақонли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этишнинг ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига гигиеник талаблар, сут ва сут маҳсулотларига (сут, қаймоқ, творог, пишлоқ, сметана, кефир, қатиқ) давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Бунда тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиладиган шакар, туз, тўйинган ва транскислоталар ва қўшимчаларни хавфсиз миқдорда меъёрлаштириш кўзда тутилган.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу борадаги муаммолар тўла бартараф этилди, деб бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини текшириш мақсадида 2017 йилда ўтказилган лаборатория таҳлилларига кўра, санитария-гигиена лабораторияларида 265 минг 332 та озиқ-овқат маҳсулоти намуналари текширилганда, уларнинг 9 минг 302 таси меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Биргина шу фактларнинг ўзи ушбу соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп эканини кўрсатади.

Эшитувда қайд этилганидек, соғлом овқатланиш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва рационал овқатланишини таъминлаш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий механизмларга доир чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда қилиниши лозим бўлган ўта долзарб вазифалар аниқ белгилаб олинган.

Якунда тегишли қарор қабул қилиниб, таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
8 621