Вазифасини бажармайдиган амалдорлар энди кечирилмайди!
Бугун мамлакатимиз фуқаро авиацияси, темир йўллар йўналишларида ишни ташкил этиш ҳолати ҳамон эскича услубда қолиб кетмоқда.
Бугун мамлакатимиз фуқаро авиацияси, темир йўллар йўналишларида ишни ташкил этиш ҳолати ҳамон эскича услубда қолиб кетмоқда. Автомобиль йўллари ҳолати ҳам талаб даражасида эмас.
Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Қолаверса, республиканинг транзит ва юк ташиш салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётгани ҳам ачинарли ҳолат. 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида транспорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилларига бағишланган йиғилишда соҳадаги бир қатор шу ва шу каби камчиликлар қайд этилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг куни кеча қабул қилинган “Айрим раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги таркибидаги тузилмалар раҳбарларига йўл қўйган ана шундай камчиликлари учун тегишли чоралар кўриладиган бўлди.
Жумладан,
- транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илхам Махкамов, вазир ўринбосари Даврон Дехканов;
- вазир ўринбосари — Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдурахман Абдувалиев;
- вазирлик ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг директори Толиб Улжаев;
- вазирлик ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Дониёр Ахмедов;
- вазирлик ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Фахриддин Салихов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиб, ушбу вазифаларни вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Булардан ташқари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Хуснутдин Хасиловга нисбатан ҳам худди шундай чора қўлланилди.
“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарувчиси вазифасини бажариб келаётган Бахтиёр Хакимовнинг эса эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқиладиган бўлди.
Албатта, замон бугун ҳар бир раҳбардан янгича, ислоҳотлар шиддатига мос ишлашни талаб қилмоқда. Зиммасидаги вазифаларни бажармайдиган амалдорлар энди кечирилмайди!