ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Ватанпарварлик ва садоқатнинг юксак намунаси

Ватанпарварлик ва садоқатнинг юксак намунаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишда янги босқични бошлаб берди.

Халқаро фестивалнинг Сурхондарё вилояти марказида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгилангани нафақат бахши-шоирлар, балки бахшичилик ва достончилик санъатини ўрганаётган ёшлар, айниқса, илмий тадқиқот олиб бораётган олимларни беҳад мамнун қилди. Эл дарду ташвишини, қувончини куйлаб ўтган бахши-шоирлар ҳаёти ва ижодини янада чуқур ўрганишга, нодир достонларимизнинг мазмун-моҳиятини кенг таҳлил қилишга ундади.

Сурхондарё вилоятида машҳур “Алпомиш” достонини барча замонларда ҳам бахши-шоирлар ҳар бири ўзига хос оҳангда куйлаган. Ёшу кекса унинг жасорат ва садоқатга, меҳр-муҳаббатга тўла мазмунидан бой маънавий озуқа олган. Ҳатто мустабид тузум даврида ҳам халқимиз бу достонни буюк аждодларимиздан мерос ноёб номоддий бойлик сифатида қадрлади. Нафис ижод маҳсули бўлган бу асарнинг бир неча варианти яратилган. Истиқлол шарофати билан уларнинг қадр-қиммати ортиб, халқимиз, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида, мард ва жасур этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Жумладан, “Алпомиш”нинг машҳур Чорша бахши Раҳматуллаев ижросидаги варианти ҳам ўзига хос жасорат ва садоқат, меҳр-оқибат ва тотувлик каби улуғ фазилатлар юракдан мадҳ этилгани билан халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган. Барчин образи тимсолида ватанпарварлик, вафо ва садоқат каби фазилатлар кенг тараннум этилгани бунинг яққол далилидир.

Чорша бахши учун ўзбек тили шунчалар бой, шунчалар ширалики, сўзлар, қофиялар ўйноқилиги, тўқлиги, уйқашлиги тингловчини беихтиёр ўзига мафтун этади. Бахши “бўлмайма“, “солмайма“, “олмайма“, “қолмайма“, “билмайма“, “қилмайма“, “ўлмайма“ каби сўзлардан шундай моҳирона фойдаланадики, беихтиёр она тилимизнинг ғоят нозик жиҳатларга бойлигидан ҳайратга тушасан, киши. Ёки қофия тузишда “тўшима“, “хешима“, “ишима“, “бошима“, “Алпомишима“, “кишима“ сингари сўзларни ўта чечанлик билан ишлатиб, достоннинг таъсирчанлигини янада оширган. Айрим ўринларда “Хизр бўлади“, “зир-зир бўлади“, “ҳозир бўлади“, “таьзир бўлади“, “манзур бўлади“, “вазир бўлади“ каби сўзлар қофиянинг ўйноқилигини таъминлаган.

Ҳа, ҳатто тўрт-беш кунга кетаётган ҳар қандай инсон ҳам туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган қишлоғи, она юртидан юраклари эзилиб, кўнгли бузилиб, меҳри жўшиб, изига қараб “шу юртга яна қайтиб келиш насиб этсин”, деб дуо қилади, кўнглидан ўтказади.

“Барчин қизинг сендан қочиб боради... иложи жўқ жони ачиб боради, қорларинг эритиб жилаб бўшайсан, хуш қол энди болалигим ўтган тов, арчалари қўлларимдан тутган тов... хуш қол энди болалигим ўтган тов, оҳулари зор бўлиб, мени кутган тов...“

Барчин ҳам энди гўзаллик оламида товусдек товланиб, ўзга мамлакатга кетаяпти. Кўнглининг, қалбининг қўниш топган юртда талаш бўлишини, бошига ғам-андуҳлар, айрилиқ фироқлари тушиб, ёв ўртасида талаш бўлиши кўз олдидан ўтиб, айрилиқ азобидан фиғони вулқондай отилиб чиқмоқда. Бу сўзларни айтишга отага бўлган ҳурмат йўл қўймайди. Бу сўзларни фақат онасига айтишга жазм қилади. Мана, Барчиннинг фиғону фарёди, дарду алами, она юртининг ҳар бир бутаю гиёҳи, ҳар бир жонвори, ҳар бир тоғу тоши билан хайрлашувидан парча:

“...Куним қурсин, қалмоқ элга борарман, оғир савдо-қиёматни кўрарман, сени соғинганда бўзлаб жиларман, қалмоқларга талаш бўлиб қоларман, насиб этса, яна қайтиб келарман, чечак териб, чанқовузим чаларман, хуш қол энди болалигим ўтган тов, бугун бизни ёт элларга сотган тов...“.

Ҳатто тоғларидан ҳам ўпка-гина қилиб, “Бугун бизни ёт элларга сотган тов” дея ўкинчларини тўкиб-сочиб, от устида фарёд чекиб, жураклари сўтилиб кетаётир. Барчин тарк этиб кетаётган юртига, унинг тоғу тошларига, оҳуларига, ҳатто гиёҳларига қайтиб келса, ота-боболари қабрини зиёрат қилиш, уларни тавоф айлаб, ўпиш ниятида эканини бахши-шоир қандай куйлаганига эътибор қилинг:

“... Яна келиб, ирмоғинга кечайин, мақсадимга етиб, кўнгил очайин, булоқ сувларингдан тўйиб ичайин, турфа гулларингни искаб қучайин, ишқинг қанот берса, қайтиб учайин, хуш қол энди болалигим ўтган тов, момоларим даврон суриб кетган тов...“.

Мазкур достоннинг Чорша бахши Раҳматуллаев куйлаган варианти халқимизнинг жасорати, самимий муҳаббати, вафоси ва садоқати гоҳ майин, гоҳ ўйноқи оҳангларда юракдан айтилгани билан тингловчини ўзига маҳлиё этади. Инсонни узоқ мушоҳада юритишга, миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлашга ундайди.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг зикр этилган қарори миллий маънавий меросимиз, хусусан, халқ оғзаки ижодини янада ривожлантириш, уни янги мазмун билан бойитиш, тўлдириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш орқали ёш авлодни ватанпарварлик, жасорат ва садоқат, азалий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Рўзиқул Мустафоқулов,
Термиз давлат университети доценти,
филология фанлари номзоди.
Холмўмин Маматрайимов,​

2 143
ЎзА