ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:27 Чоп этиш версияси

Ватанпарварлик ва садоқат эътирофи

Ватанпарварлик ва садоқат эътирофи ...Осмон узра парвоз қилаётган ҳарбий вертолётни барча, айниқса, ёшлар ўзгача ҳаяжон билан кузатишди. Дала-ўқув майдонига келиб қўнгач, уни барча ўраб олди. Вертолётни узоқдан томоша қилиш бошқа, ушлаб кўриш, учувчилар билан суҳбатлашиш барибир бошқача. Бу пайтда ёшларнинг учувчи бўлиш орзуси янада жўш ургани ҳам рост.

Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона дала-ўқув майдонида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик фестивалида 30 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Уларнинг аксарияти ёшлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимиз ҳарбий салоҳияти йилдан-йилга юксалмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, Ватан ҳимоячиси деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки олий мақсадга айланди. Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган Ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирларда миллий армиямизнинг юртимиз тараққиётидаги ўрни ва Ватан ҳимоячилари куни байрамининг фуқароларимиз ҳаётида тутган аҳамиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур фестиваль ҳам катта шодиёнага айланди.

Фестивалда аҳоли, айниқса, ҳарбий парад, ёшлар учун замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника кўргазмаси, ҳарбий таъминот масалалари, шунингдек, ҳарбий оркестр, ҳарбий хизматчиларнинг қурол билан сафда юриш ҳамда қўл жанги элементлари чиқишлари намойиш этилди. Ёшлар замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намуналари билан яқиндан танишди.

– Бугунги фестивалда намойиш этилган жанговар техникалар бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Фарғона давлат университети талабаси Мусулмонқул Содиқов. – Ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар салоҳиятига ҳавасимиз келди. Уларнинг кундалик фаолияти ва ҳаёти билан танишиш, ҳарбий техникаларни ўз қўлинг билан ушлаб кўриш, ишлаш тартиби, функцияларини бевосита кузатиш бошқача бўлар экан. Албатта, шундай қудратли армия сафида хизмат қилиш ҳар қандай ёш йигит учун шараф.

Фестиваль давомида ёшлар Ватан ҳимоячилари билан дилдан суҳбат қурди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Санъаткорлар ижросидаги шўх куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

10.JPG

14.JPG

16.JPG


Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
1 700