ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати​

Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати​

Бухоро вилоятида ҳам мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Белгиланган тарғибот тадбирлари дастури доирасида катта ҳудудда ташкил этилган марафон ва ҳарбийларнинг саф намойиши ва жанговар техникалар паради кенг қамровлилиги билан катта қизиқиш уйғотди. 

448e089f-85f9-4aaa-b4c5-e5d9ab07cbe8.jpg 

3 километр масофада ўтказилган марафон турли касб ва ёшдаги кишиларни жипслаштирди. Унда 2000 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, олий ўқув юртлари талабаси, академик лицейлар, коллежлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчиси, Ёшлар иттифоқи етакчиси, спорт мактаблари тарбияланувчиси, таниқли спортчилар иштирок этди.

Маҳорат кўригининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди. 

9778a7b2-b943-4bda-a921-ba8e8857aa98.jpg 

Ҳарбийларнинг саф намойиши ва ҳарбий техникалар паради ҳам барчанинг эътиборида бўлди. Унда вилоятда жойлашган ҳарбий қисмларнинг жанговар техникалари ва аскарлари, пиёда ва отлиқлар, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спорт-техника клубларининг авто ҳамда мотоҳаваскорлари, туризм полицияси ходимлари қатнашди.

Мамлакатда Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг моддий-техника базасини ривожлантиришга берилаётган катта эътибор самарасида миллий армиямизнинг юрт сарҳадлари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш салоҳияти ошиб бормоқда. 

d20e5103-aaa1-43a1-ade1-c2cce17a4c6b.jpg 

Ҳарбийларнинг саф намойиши ва замонавий жанговар техникалар паради ёшларнинг бу борадаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилди. Тадбир қатнашчиларини байрамона безатилган катта ҳудуд бўйлаб минглаб юртдошларимиз олқишлаб турди.

– Саф намойишида бир текис ва шахдам одим ташлаётган ўктам ҳарбий йигитларнинг чеҳраси ва кўзида Ватанга хизмат қилишдан фахр туйғусини англадим, – дейди тадбирни кузатаётганлардан бири Ботир Рамазонов. – Ўзбекистон байроғи ўрнатилган жанговар техникалар ўтиб бораётганида, ёнимдаги ёш бола отасига катта бўлсам, мен ҳам танк устида байроқ кўтараман, деганида кўнглим аллақандай бўлиб кетди. Шоирона айтаяпти, деманг, болалардаги ҳавас кейин ниятга айланади. 

c8f3c6c2-eb08-4774-88c1-52efcbb6c8f3.jpg 

Юқоридаги тадбирлар “Бухоро” спорт мажмуасида “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтган ҳарбий-ватанпарварлик фестивалига уланиб кетди. Бу ерда ҳарбий қисмлар хизматчилари жанговар тайёргарлик борасидаги маҳоратларини мужассам этган мураккаб кўргазмали чиқишларни намойиш қилди.

Ҳарбий қисмларнинг шахсий таркиби орасида алоҳида намуна кўрсатаётган зобит, сержант ҳамда аскарлар, шунингдек, ички ишлар идоралари сафида фидойилиги, маҳорати билан бошқаларга ибрат бўлаётган ходимлар қўмондонлик ва раҳбарият, шунингдек, вилоят мутасаддилари томонидан алоҳида рағбатлантирилди.

Тадбирда югуриш марафони ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган тош кўтариш, волейбол мусобақаларининг совриндорлари ҳам тақдирланди.

Спорт мажмуаси атрофида белгиланган майдонларда эса ҳарбий техника воситалари ва қурол-аслаҳаларининг кўргазмалари намойиш этилди. Бу эса ёшларнинг улар билан яқиндан танишиши учун қулай имконият бўлди.

Фестиваль вилоят санъат усталари, таниқли эстрада хонандаларининг чиқишлари, куй-қўшиқ ва рақслар билан якунланди.

2 487
Эркин ЁДГОРОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА