ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

ИЖОД САҲНИДА

Қишлоғим

Кўнглима орзулар солган, қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим.
Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.

Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўқдир.
Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.

Айтгил, селмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.
Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлагаи йўл.

Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим…

Қишлоқ соғинчи 

Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни
Орзу-ҳавас деган танти ел
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.

Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим:
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.

Улангандим юрагим билан
Асли сенинг жону жисминга.
Энди яна бу дунё бир кам –
Орзуйим йўқ, армоним мингта!

Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени, қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир
Қояларга урилган чоғим.

Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой,
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!


Отамнинг юрти

Чигит экилмайди ерига ҳеч ҳам,
Айқашиб-уйқашиб ётар харсанглар.
Лекин йиғим-терим пайти келганда
Ҳашарга кетади бор ёш-яланглар.

Дўппидай бир қишлоқ. Атрофи тоғлар…
Бошидан кетолмай юрса ҳам туман
Кўриниб туради узоқ-узоқлар,
Зерикмай яшашинг мумкин, умуман…

Ҳар гал отланганда ота юртимга,
Билмайман, негадир кўзим ёшланар.
Шовқинлар, суронлар қолиб ортимда
Оддий ва ажойиб кунлар бошланар.

Энтикиб, эмраниб борганим сари
Таниш қўйкўзларим қарар ҳавасда.
Дунёда бор майда гапларнинг бари
Чиқолмай узилиб қолади пастда.

У ерга булоқлар чиқади балқиб…
Тоғлари мўйсафид — бошлари оппоқ.
Ёлғон нималигин билмаган халқи
Ўша тоғларидай яшайди узоқ.

Равшан ФАЙЗ,
шоир

2 420
ЎзА