Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 21:23 Чоп этиш версияси

Ватанимизнинг метин томири

Ватанимизнинг метин томири
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан эътиборан ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда. Шамолдек тезкор, учқур электропоездда манзил сари борар эканмиз, бу сафар замирида қанчадан-қанча темирйўлчилар, қурувчи ва муҳандис, йўлсозларнинг машаққатли, фидокорона меҳнати мужассам экани ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз.

5.JPG

Пойтахтимиздаги "Темирйўлчилар" марказий маданият саройида соҳа ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга ана шундай фидойи, ўз ишига садоқатли вакиллари таклиф этилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти жамоасига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов ўқиб эшиттирди. 

11.JPG

Давлатимиз раҳбари фармонига биноан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимларга Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари тантанали топширилди.

9.JPG

Тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан узоқ йиллар мобайнида тизимда самарали меҳнат қилаётган мутахассислар "Фахрий темир йўлчи" кўкрак нишони ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

10.JPG

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 2018 йилда янги темир йўллар барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш бўйича бир қатор истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси, қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлари асосида Тошкент шаҳрида ер ости ва ер усти метро қурилиши ишлари ҳам ушбу тузилма томонидан амалга оширилмоқда. Умумий узунлиги 325 километр бўлган “Қарши-Термиз” темир йўл линияси тўлиқ электрлаштирилди. Жорий йилнинг 9 январь куни эса Тошкентдан Термизгача электропоездлар қатнови йўлга қўйилди. Кўҳна Сурхон воҳасида дизель ёқилғиси билан ҳаракатланувчи тепловозлар ўрнини эндиликда замонавий, юқори қувватга эга электровозлар эгаллади. Ҳозирги кунда “Поп – Наманган – Андижон” ва “Қарши – Китоб” линияларида электрлаштириш ишлари жадал равишда давом эттирилмоқда.

13.JPG

Жорий йил иккинчи бор касб байрамини нишонлаётган темир йўлчиларнинг амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари, хизмат кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

1.JPG

Байрам тадбирида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев ва бошқалар соҳа ходимларини байрам билан табриклаб, мамлакатимизда халқимизнинг ҳаёт фаровонлигини янада ошириш, одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, барча жабҳалар каби темир йўл транспорти соҳаси ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб қадрлаш ва эъзозлаш борасидаги амалий ғамхўрликлар учун миннатдорлик билдирди. 

Санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури тадбирга янада файз ва кўтаринкилик бағишлади. 

Назокат Усмонова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА