ЎзА Ўзбек

10.08.2018 09:20 Чоп этиш версияси

Ватанимизнинг бир парчасини ҳис қилдик

Ватанимизнинг бир парчасини ҳис қилдик
Тожикистоннинг равон йўллари эътиборимизни тортди. Текис йўл бўладими, пурвиқор тоғлар бўладими машинангиз “қилт” этмасдан қушдек учади. 

Тожикистон Республикасидан 
ЎзА махсус мухбири 
Шарофиддин Тўлаганов хабар қилади

01.JPGШаҳристондан Душанбе сари йўлга чиқар эканмиз, баланд тоғлар орасига йўл ва туннеллар қурган йўлсозларга тасанно айтмасликнинг иложи йўқ. Тоғлар хаёлимни ўғирлади. Фақат томоша қилиш керак бу тоғларни. 

Кечга яқин Тожикистон пойтахтига кириб келдик. Шаҳарга кираверишда бизларни Душанбе шаҳар мэрининг ўринбосари Мавсума Мўиний бошчилигидаги раҳбарлар кутиб олишди. 

Тожикистон Миллий кутубхонасига бордик. Ўзбекистон делегацияси учун махсус кўргазма ташкиллаштирилди. Ўзбекча китобларни кўриб, қалбимиз тоғдек кўтарилди. “Ўзбекистон – умумий уйимиз” китобини тақдим қилдик.

Тожикистон Миллий музейи ҳам катта таассурот қолдирди. Нафақат Тожикистон, балки бутун Марказий Осиёга бағишланган экспонатлар билан танишар эканмиз, ўзбеклар ва тожиклар биргаликда буюк тарих яратганига яна бир бор амин бўлдик.
Тожикистон тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга Ҳисор қалъасига уюштирилган саёҳат ҳам қизиқарли ташкиллаштирилибди.

Душанбедаги “Истиқлол” соғломлаштириш марказига ташрифимиз давомида Тожикистон ҳукуматининг мамлакат аҳолиси саломатлиги йўлида амалга ошираётган кенг қамровли ислоҳотларига гувоҳ бўлдик. 

“Варзин ТВ” телеканали фаолияти билан танишганимиздан сўнг, Тожикистон ОАВ Академияси биносида икки мамлакат журналистлари иштирокида ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда катта ҳарфлар билан ёзилса арзийдиган СОҒИНЧнинг гувоҳи бўлдим.

20180808_152518.jpg

Меҳмон сифатида бизларни олдинги қаторга ўтқазишди. Шунда қулоғимга соф ўзбек тилида “бугун ЎзАда иккита мақола эълон қилинди”, деган сўзлар эшитилди. “Менимча, қулоғимга эшитилган бўлса керак”, дея хаёлга бордим. Мулоқотда журналистлар икки халқ дўстлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, икки давлат раҳбарининг одилона сиёсатлари ҳақида гапирдилар. Қарсаклар устига қарсаклар бўлди. Мен бундай самимий ва чин дилдан бўлган қарсакларга яқин орада гувоҳ бўлмаган эдим. Тадбир белгиланган режа бўйича бир соат давом этди. Раислик қилувчи тадбир якунланганини айтиб, ҳаммага муваффақиятлар тилаганидан кейин нима бўлганини ёзсам, ҳеч ким ишонмаса керак. Ҳеч ким зални тарк этишни истамади. Бизни қўйиб юборгилари келмасди. Таниш бўлмасак ҳам, қучоқлашиб кўришдик. Аввал белгиланган режа бузилди. Ўзаро мулоқотлар норасмий давом этди. Мана шу норасмий мулоқот бир соатдан ортиқ бўлди. Тожикистонлик журналистлар ўзбекистонлик ҳамкасбларидан, ўзбекистонликлар эса Тожикистон ОАВ вакилларидан интервьюлар олишди. Кўпчилик ҳамкасблар билан ижтимоий тармоқлар орқали дўстлашадиган бўлдик.

20180809_165608.jpg

Душанбе худди Хўжандда бўлгани каби менга болалигимни эслатиб юборди. Қишлоғимиз марказида симёғочда радиокарнай бўларди. Ахборот ва қўшиқлар бериларди. Душанбе ва Хўжанддаги симёғочлардаги радиокарнайларни кўриб, беғубор болалигимни эсладим. Хўжандда ҳам, Душанбеда ҳам радиокарнайлардан таралаётган майин тароналар ёшларнинг маънавияти юксак бўлишига хизмат қилади.

Душанбе менга Тошкентни эслатиб юборди. Бир вақтлар бизда ҳам троллейбуслар бўларди. Сими чиқиб кетиб ярим соатлик масофага 2 соатда борар эдингиз. Ҳа айтганча, Хўжандда автобуслар кам кўзга ташланди. Йўловчиларга фақат маршрут таксилар хизмат қилади.

20180809_085306.jpg

Душанбенинг озодалигига тан бермасдан бўлмайди. Шаҳарда ҳозирча чинорлар кесилмаган. Дарахтзорлар кўрк бағишлаб турибди.

Яна бир жиҳат, Хўжандда йиртиқ шим кийиб юрган ёшларни кўрмадик. Хотин-қизлар аёллар кийиши лозим бўлган лозимда эди. Душанбеда ҳам мана шу ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Ҳавас билан қарадик.

Катта кўчадан кетаётганимизда, “Артел” деган лавҳани кўриб Ватанимизнинг бир парчасини ҳис қилдик.

7 453