ЎзА Ўзбек

01.09.2016 12:16 Чоп этиш версияси

Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари қасамёд қабул қилди

Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари қасамёд қабул қилди Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида жорий йилда ўқишга қабул қилинган тингловчиларнинг ҳарбий ва божхоначи қасамёдини қабул қилиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дўсанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев ва бошқалар йиғилганларни мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан муборакбод этди.

Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Истиқлол туфайли таркиб топган божхона хизмати халқаро стандартлар даражасида фаолият кўрсатмоқда. Бу тизим мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатлари ва хавфсизлиги ҳимоясини таъминлаётир. Бунда замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакага ва амалий тажрибага эга бўлган ёш божхоначи кадрлар муҳим ўрин тутмоқда.

2003 йилда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Олий ҳарбий божхона институтида ҳозирги кунда божхона иши ва юриспруденция мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар мазкур даргоҳда таҳсил олган мингдан ортиқ мутахассис божхона органларида хизмат қилаётир.

Институтда божхона расмийлаштирувини ташкил этиш, криминалистика техникаларини ўрганиш синфлари, божхона постининг моделлаштирилган ўқув аудиторияси, хорижий тилларни ўрганиш, ҳарбий машғулотлар хоналари, божхона экспертизаларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий воситалар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, автомобиль тайёргарлиги бўйича махсус ўқув тренажерлар ҳамда транспортда амалий машқлар ўтказиш синфлари мавжуд. Шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёрида.

Тантаналар Олий ҳарбий божхона институти қошида ташкил этилган ансамбль ва ҳарбий оркестр томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.

Норгул Абдураимова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
10 106