Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.09.2018 13:34 Чоп этиш версияси

Ватанга хизмат, энг олий мақсад

Ватанга хизмат, энг олий мақсад
Ватан – ягона! Уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир. Ҳар бир мустақил фикрли, маънавиятли ўғил-қиз борки, юртига хизмат қилиш орзусида улғаяди.

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида 1-ўқув курси курсантларининг қасамёд қабул қилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, курсантларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Баҳодир Матлюбов ва бошқалар сўзга чиқиб улуғ айём Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги билан барчани қутлаб, мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимида юқори малакали, билим ва салоҳиятга эга профессионал ходимларни тайёрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада оширишга хизмат қилаётир.

Жорий ўқув йилидан бошлаб академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали тест синовларисиз амалга оширилди. Бундай имкониятдан унумли фойдаланган ёш ўғил-қизлар кириш имтиҳонларидан муваффақияли ўтиб, академия курсантлари сафига қабул қилинган эди.

Тантанали тадбирда улар ўз хизмат бурчини виждонан бажаришга, халқимизга, Президентимизга содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қилди. 
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан академия курсантлари Гулҳаё Камолова ҳамда Аюбхон Эгамбердиевга “Вазир стипендиати” Фахрий ёрлиғи топширилди.

Тадбирда ота-оналар ва курсантлар ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг эл-юрт осойишталигини асрашдек муқаддас вазифани сидқидилдан адо этишларига улкан муваффақиятлар тилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
7 560