ЎзА Ўзбек

29.08.2018 10:38 Чоп этиш версияси

Ватан тақдирига дахлдорлик ва масъулият рағбати

Ватан тақдирига дахлдорлик ва масъулият рағбати

29 август – “Буюк хизматлари учун” ордени таъсис этилган кун.

Ватан, халқ учун фидойилик ва садоқат билан меҳнат қилиш фарзандлик бурчимиз ва олий шарафдир. Эл қачон суяди, хизматлар қачон эътироф этилади? Қачонки, инсон фидойилик кўрсатса.

Азалдан эл-юрт учун жон койитган, ватан равнақига улуш қўшган, юртпарвар, садоқатли ва фидойи кишилар муносиб рағбатлантирилган, қадрланган.

Истиқлол йилларида инсон шаънини қадрлаш, озод ва обод ватан, эркин ва демократик давлат барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осойишта, фаровон, бахтли ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсон шаънини қадрлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Натижада халқимизнинг бугуни ва эртасига ишончи мустаҳкамланди, юрт равнақига дахлдорлик, ватанга елка тутиш, камарбаста бўлиш туйғуси, бунёдкорлик салоҳияти юксалди.

1996 йил 29 август куни “Буюк хизматлари учун” ордени таъсис этилгани, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётган, юртга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларни улуғлаш, ўз салоҳияти, билими, истеъдоди билан Ватанимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига катта ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг тақдирланаётгани юртимизда инсон қадри улуғлигининг исботидир.

“Буюк хизматлари учун“ ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қаторида, хорижий давлатларнинг фуқаролари ҳам фан, техника, иқтисодиёт, маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланади.

Мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг олтмиш карраси миқдорида бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу суммага тенг эсдалик совғасини олади.

...“Уч илдиз”, “Қора кўзлар”, “Олмос камар”, “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони”... Бу асарлар номини айта бошлашим билан англадингизки, бу забардаст ёзувчи Пиримқул Қодиров қаламига мансуб.

Марҳум адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими каби унвонлар соҳиби эди. Унинг қалами ёш авлод онг-у шуури, қалбини ватанга муҳаббат, садоқат, вафо, соф муҳаббат билан тўлдирадиган, меҳнатнинг таги роҳат эканини англатадиган, тарбия этадиган тарзда тебранган. Шу боис ҳам севимли адибимиз адабиётга, ёшлар тарбиясига қўшган ҳиссаси учун муносиб рағбатлантирилиб “Шуҳрат“ медали, “Эл-юрт ҳурмати“ ва “Буюк хизматлари учун“ орденлари билан тақдирланган.

Адибнинг романлари кўплаб хорижий тилларга ўгирилган ва қатор асарлари экранлаштирилган. Бу эса адиб асарларининг қадр-қиммати юқорилигини билдиради.

Мазкур мукофот билан тақдирланганлар сафини узоқ давом эттириш мумкин. Зеро, Ўзбекистон истеъдодли, ватанпарвар инсонлар юрти.

– Санъат соҳасидаги узоқ йиллик фаолиятим, ижодий ишларим ушбу ордендаги биргина “буюк” деган сўзга муносиб эмас деб биламан, – дейди “Буюк хизматлари учун“ ордени соҳиби Абдуҳошим Исмоилов. – Мазкур эътирофга ҳам бу йил ўн йил бўлибди. Унда юксак масъулият, санъат йўлидаги бажаришим керак бўлган ишлар юки, халқимизнинг юксак ишончи мужассамлашганини бир лаҳза бўлсин ёдимдан чиқарган эмасман. Юртимизда маданият, санъат, энг аҳамиятлиси мақомга берилаётган юксак эътибор сабаб шундай рағбатлантирилганман деб ҳисоблайман. Бу санъатнинг, сознинг илоҳийлигидан десам муболаға бўлмайди. Ҳали ижод йўлида бажаришим керак бўлган вазифаларим кўп. Орзу, мақсадларим ҳам юксак. Ўзбек санъати, хусусан ўзбек мақомини бутун дунё аҳли тинглайдиган, эътироф ва эъзоз этадиган бўлгунича меҳнат қилишдан чарчамайман. Бу мукофот орзуларимга қанот, ижод қилишим учун илҳомдир.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ҳамма соҳа ривожига эътибор қаратмоқда. Бу йўлда юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, жипслиги, “бир ёқадан бош чиқариб” ҳаракат қилаётгани янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу йўлда фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз меҳнати ушбу орден билан рағбатлантирилмоқда. Она Ватан, эл-у халқ, фаровон турмуш учун меҳнат қилиш, фидойилик кўрсатиш, садоқатли бўлиш улкан ишдир.

Б. Мелиқулова, ЎзА
3 789