ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ватан мард ўғлонларини унутмайди

Ватан мард ўғлонларини унутмайди

Наманган вилояти Поп туманида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилот вилоят кенгаши томонидан туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари, ички ишлар бўлимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа бир қатор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” тарғибот тадбири ўтказилди.

“Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” шиори остида туман маданият саройида ўтказилган мазкур тадбирга шаҳар ва туманлардан ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчи ва ички ишлар ходимларининг оиласи, фарзандлари таклиф этилди.

8.jpg

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида она ватанимизга ҳурмат бажо келтириш ва хизмат бурчини ўтаётган чоғда мардларча ҳалок бўлган ўғлонлар хотираси учун бир дақиқалик сукут билан бошланди.

– Эрк учун кураш кураш, мустақилликни янада мустаҳкамлаш муқаддас бурч саналади, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси А.Алохўжаев. – Бугун ушбу маросимда номи буюк тарих саҳифаларига абадий муҳрланган ўғлонларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари, фарзандлари иштирок этди. Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган бу юртдошларимизнинг ҳаёти ва мардонавор жасорати олдида барчамиз қарздормиз. Ушбу тадбир фидойилик ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлаш баробарида, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳам хизмат қилади.

13.jpg

Тадбирда қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимлари фарзандларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Меҳмонлар байрам дастурхони атрофида санъаткорлар ва ёш истеъдодлар томонидан тайёрланган концерт дастурини томоша қилди.

14.jpg

1 601
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА