ЎзА Ўзбек

09.07.2018 18:47 Чоп этиш версияси

Ватан мадҳи

Ватан мадҳи
Ватан тақдири учун масъулиятни астойдил ҳис этиш, шу табаррук диёр, ундаги тинч ва осойишта, тўкин ҳаётнинг қадрига етиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига кўра истиқлолимизнинг қутлуғ санасига бағишланган тадбирлар бу йил “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон давлат консерваториясида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловининг вазирлик тизимидаги якуний босқичи бўлиб ўтди.

2009 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур ижодий танлов –ёшларни Ватанга садоқат, унинг тақдирига дахлдорлик туйғуси руҳида камол топтириш, она Ўзбекистонимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар яратишни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Вазирлик тизимида мазкур ижодий лойиҳа уч босқичда ўтказилиб, дастлабки босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча олий таълим даргоҳларининг талабалари фаол иштирок этди. Танловнинг ҳудудий босқичларида 85 та жамоа таркибида 3800 дан ортиқ ижодкор иштирок этиб, унда 16 ғолиб жамоа аниқланди.

Лойиҳанинг якуний босқичида Ватанни мадҳ этувчи қўшиқларнинг сифати ва савияси, бадиий жамоаларнинг ижро маҳорати, саҳна маданиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Улар ижодий танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Н.Усмонова, ЎзА
8 818