ЎзА Ўзбек

12.01.2019 13:39 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимояси шарафли бурч!

Ватан ҳимояси шарафли бурч!

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ҳарбий факультети билан ҳамкорликда “Ватан – муқаддас, уни ҳимоялаш шарафли бурч!“ мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда таъкидланганидек, Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлар миллий армиямиз қиёфасини, жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартириш имконини бераяпти.

Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринаси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, чет эл давлатлари билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгиланган.

Семинарда армия билан халқ бирлигини таъминлашда ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг ташкил этилгани катта самара бераётгани, жорий йилнинг ўзида кўплаб ҳарбий шаҳарчаларда катта миқдордаги маблағлар йўналтирилган ҳолда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳарбий хизматчиларга тегишли шароитлар яратилганлиги таъкидланди.

“Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат“ концепцияси асосида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга доир ишларни амалга оширишда Миллий гвардия фаолияти йўлга қўйилди. Жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда, аҳолини турли хатарлар, жиноий ва ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоялашда мазкур тузилманинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Семинарда ҳарбий кадрлар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, тубдан қайта ташки этилган Қуроллик Кучлар академиясининг фаолияти, янги тизим асосидаги армиямиздаги тарбиявий ва мафкуравий ишлар, “Темурбеклар мактаби“ ҳарбий академик лицейлар фаолияти, давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоялаш борасидаги ишларни кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазасига доир амалий чора-тадбирлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Н.Усмонова, ЎзА
1 319