ЎзА Ўзбек

11.01.2019 18:42 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч Тошкент темир йўл муҳандислари институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ʼʼВатан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Миробод туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда фахрий ҳарбийлар, муддатли ҳарбий хизматчилар, соҳа фаоллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мустақиллик аталмиш улуғ туйғунинг барқарорлигини, эркинликдек ҳиснинг мавжудлигини кафолатлаб келаётган ҳарбийларимизнинг машаққатли вазифаларини юқори баҳолашди. Шунингдек, мамлакатимизда соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Қайд қилинганидек, январь ойидан бошлаб Миробод туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги 26 та мактабгача таълим муассасаси, 16 та умумтаълим мактаби, 6 та коллеж, 4 та лицей ва 6 та олий ўқув юртларида қатор тадбирлар, кўрик танловлар ва спорт мусобақалари ташкил этилди ва фаоллар тақдирланди. Бундан мақсад ёшларнинг онгу шуурида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга ватанпарвар, масъулиятли этиб тарбиялашдан иборат.

Тадбирда она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

photo5314371951596251872.jpg

photo5314371951596251873.jpg


Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА
1 579