Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 16:48 Чоп этиш версияси

Бўлғуси Ватан ҳимоячилари аскар акалари билан видеомулоқот орқали суҳбатлашди

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Менинг акам – ҳарбий” мавзуида видеомулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Қашқадарёда йигитлик бурчини ўтаётган тошкентлик аскарларнинг ака-укалари, опа-сингиллари, дўстлари, пойтахтимиздаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган қашқадарёлик аскарлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.Салимов ва бошқалар мамлакатимиз хавфсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлиги кафолати бўлган миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ҳарбий қисмларда, таълим муассасаларида, коллеж ва лицейларда, ташкилот ва маҳаллаларда “Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!”, “Менинг армиям – менинг фахрим”, “Менинг акам – ҳарбий”, “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Армия ва ёшлар”, “Ватан – улуғ, бурчим – муқаддас” каби мавзуларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур видеомулоқотни ўтказишдан асосий мақсад – Ватан ҳимоячилари куни байрамининг шукуҳини бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига янада чуқурроқ сингдириш, уларда миллий армиямизга нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини оширишдан иборат.

– Ҳарбий хизмат давомида тартиб-интизом, қатъиятлиликни ўргандим, – дейди Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган қашқадарёлик Бозор Очилов. – Ота-онам, Президентимиз ва халқимиз билдирган ишончни оқлаб, юртимиз тинчлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини асрашга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.

– Онлайн мулоқотда акам билан суҳбатлашиб, қалбим чексиз фахр-ифтихор туйғулари билан тўлди, – дейди Олмазор тиббиёт коллежи ўқувчиси Муниса Ҳамиддулаева. – Акам давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Ватанимизни, бизни ҳимоя қиладиган мана шундай ишончли қалқонлар борлигидан биз ғурурланамиз.

Санъаткорлар ижросида Ватан, тинчлик ва мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 590






Все о погоде - Pogoda.uz