ЎзА Ўзбек

10.08.2018 17:45 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимоячиси қандай фазилатларга эга бўлиши керак?

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Дин ва миллий қадриятлар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Шарқий ҳарбий округга қарашли Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишган ва мазкур йўналишда, айниқса, ҳарбий хизматчилар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни юксак ватанпарварлик ғоялари руҳида тарбиялаш бўйича қатор топшириқлар берган эди.

Ўтган вақт мобайнида бу йўналишда кўплаб тадбирлар ўтказилди. “Дин ва миллий қадриятлар” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам шулар жумласидандир.

Ҳарбий қисм аскарлари, офицерлари, Андижон давлат университети ўқитувчилари, маънавият тарғиботчилари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида замонавий қуролланган, бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган тезкор миллий армиямиз шакллантирилгани, ҳарбий хизматчиларнинг хизматни юқори савияда ўташи учун барча шароитлар яратилгани таъкидланди.

Тадбирда миллий ва диний қадриятларимиз, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти, Ватан ҳимояси, ҳарбий хизматчининг эл-юрти олдидаги бурч ва вазифалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарздир, – дейди Андижон шаҳридаги “Имом Ат-Термизий” жомъе масжиди имом-хатиби Абдуҳалим Ҳамроқулов. – Муборак ҳадислардан бирида “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир” дейилади. Ҳадисда айтилган мол, жон, дин ва оила банда учун энг қадрли бўлган, у туғилиб ўсган маскан – Ватанни англатади. Демак, бундан кўринадики, Ватан ҳимоячиси бўлиш мўмин банда учун улуғ мақомлардан биридир.

Тадбир иштирокчиларига Ватан ҳимоячиси қандай фазилатларга эга бўлиши лозимлиги юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиз, хусусан, ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ аллома Нажмиддин Кубро ҳаёти мисолида айтиб ўтилди. Маълумки, минглаб муридлари бўлган шайх Нажмиддин Кубро Ватанига ёвлар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб унинг ҳимоясига отланади. Ғанимлар ҳукмдори жангларда мардлик ва жасорат кўрсатган Нажмиддин Куброни қамалда қолган шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Лекин ўз жонини сақлаб қолиш йўлида Ватанини ёвга топширишни ор билган аллома босқинчиларга қарши жангга киради ва мардларча ҳалок бўлади.

Тадбирда ҳарбий хизматчиларда маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, хусусан, уларнинг маънавиятини, китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш хусусида фикр-мулоҳаза билдирилди.

– Бу каби учрашувлар бизнинг билим ва тушунчаларимизни янада бойитмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Шарқий ҳарбий округ қисм ва муассасалари миқёсида ўтказилган “Энг яхши китобхон” танлови ғолиби, оддий аскар Равшанбек Шермонов. –Қолаверса, бундай тадбирлар биз, аскарларни кўп китоб ўқишга, билим ва ҳарбий салоҳиятимизни юксалтиришга ундамоқда.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
4 169