Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2017 18:16 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимоячиларининг қўшалоқ байрами

Ватан ҳимоячиларининг қўшалоқ байрами Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Файзиева ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва малакали кадрлар билан таъминланган, мамлакатимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир профессионал миллий армиямиз шакллантирилганини алоҳида таъкидлади.

Байрамона руҳда ташкил этилган видеомулоқотда ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари ўз фарзандларининг ҳарбийлик ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар билан танишди. Байрам билан табриклади.

– Фарзандларимиз учун Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига, фахр-ифтихорга айланди, – дейди Қашқадарё вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Ҳикматилла Алимовнинг онаси Зарифа опа. – Ўғлим ўтган йили ҳарбий хизматдан олий таълим муассасасига кириш имтиҳонига имтиёз берувчи ҳужжат билан уйга қайтган акасига ҳавас қилган эди. Фарзандимнинг орзуси ушалганидан, Ватан ҳимоячисининг онаси эканимдан қалбим ғурурга тўлди. Бугунги мулоқотда фарзандим билан юзма-юз гаплашгандек, унинг тафтини ҳис қилгандек бўлдим. Ўғлимга ҳарбий хизматдаги тартиб-интизоми, китобхонлиги учун берилган фахрий ёрлиқни кўриб, кўз ёшларимни тийиб туролмадим.

Ота-оналари, яқинлари билан видеомулоқотда бўлган аскарлар юз-кўзидаги қувонч тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

– Яқинларим «Биз сени Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги, Ватан ҳимоячилари куни ва 14 январь – туғилган кунинг билан табриклаймиз!» деганларида ич-ичимдан севиниб кетдим. Залдагиларнинг олқишлаганини айтмайсизми, – дейди Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган оддий аскар Достонбек Аюпов. – Бу табрикларга жавобан Қашқадарёда туриб мени тинглаётган ота-онамга келажакда ҳарбий соҳада етук кадр бўлишга яна бир бор, кўпчиликнинг олдида ваъда бердим. Бу касбни танлашим, юқори натижаларга эришишим учун менда барча имконият етарли.

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 802






Все о погоде - Pogoda.uz