ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ватан биздан буюк ишлар кутмоқда!

Ватан биздан буюк ишлар кутмоқда!
МУНОСАБАТ

Юртбошимизнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригини ўзгача ҳаяжон билан қабул қилдим. Негаки, байрам табригидаги эътироф ва эътибор менинг ҳаётимда ҳам ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Яқин йиллар мобайнида эришганларим, энг аввало, мана шу бахтиёр ўлканинг бахтли фарзанди эканлигим, жамият ҳаётида ўз ўрнимга эга бўлишим учун яратилаётган имкониятлар ва ўз сўзимни эркин ифода этаётганим, фарзандларим кулгиси – буларнинг барчасида юртимизда ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган оламшумул ислоҳотларнинг натижаси деб биламан.

Байрам табригида «Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азми шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради», деб алоҳида эътироф этиб ўтилган. Дарҳақиқат, парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари орасида ёш депутатларнинг ўрни алоҳида экани, давлат бошқаруви органларида ёш раҳбарларнинг иштироки ва ташаббуси халқимизнинг фаровон турмушига хизмат қилаётгани, халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида ўзбек ёшларининг ғалабасини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Шу йилнинг март ойида пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида бўлдим. Ушбу таълим масканида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ўзбек тили ва адабиёти, ижод сирларини ўрганишга бўлган қизиқишини кузата туриб Президентимизнинг 2019 йил 26 декабрда Абдулла Қодирий ижод мактабига ташрифлари давомида «Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман» дея эътироф этганликлари бугун ўз самарасини бермоқда. Айниқса, Ёшлар куни муносабати билан ёшларга йўллаган байрам табригида ҳам ижод мактаблари хусусида алоҳида тўхталиб ўтгани яна бир бор мана шу ишончнинг эзгу намунаси сифатида намоён бўлмоқда.

Президентимиз байрам табригида карантин шароитига қарамасдан, 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари, 468 минг талаба ўқув дастурларида белгиланган дарсларни ўз вақтида ва сифатли ўзлаштирганини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда айтишим жоиз, менинг 1 синфда таҳсил олаётган фарзандим ҳам кўплаб тенгдошлари қатори online дарсларда қатнашиб машғулотларни қийналмасдан ўзлаштирди. Ёш она сифатида “Оnline-maktab” лойиҳаси доирасида малакали педагоглар жалб этилгани, машғулотларга ўқувчи эътиборини қаратишнинг энг самарали усулларидан фойдаланганида деб қабул қилдим.

«Сўнгги уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди», дея таъкидланади байрам табригида. Дарҳақиқат, ёш оилаларга бўлган эътибор, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш Давлатимиз раҳбарининг эътибор марказида бўлиб келмоқда. Мана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда бизнинг оиламизга ҳам Жиззах шаҳри марказида қад кўтарган «Ёшлар уйи»дан 3 хонали хонадон ажратилди. Ёш оила вакиласи сифатида бу эътибор ва ишонч бизнинг зиммамизга улкан масъулият юклашини доимо ҳис этаман.

Шунингдек, Юртбошимиз байрам табригида Ёшлар – келажагимиз” дастури, Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати фаолияти, олий таълимдаги имкониятлар, «Ғалаба боғи», «Шон-шараф» музейи, Тошкент шаҳрининг тарих музейи ваАдиблар хиёбонининг ёшлар маънавияти юксалишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланган.

Президентимизнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табриги биз ёшларни янада шахт билан ҳаракат қилишга, ўтаётган ҳар бир дақиқа, ҳар бир кунни қадрига етиш нақадар муҳимлигини ҳис этиш, Ватан олдидаги бурчимизни чуқур англаш масъулиятини янада оловлантирди.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори

2 433
ЎзА