Валентина Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди
Валентина Матвиенко бошчилигидаги Россия Федерацияси делегацияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди...
2019 йил 2 октябрь куни Россия Федерация Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги Россия Федерацияси делегацияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон-Россия парламентлараро муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунучилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов томонидан юқори мартабали меҳмонга мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Кейинги пайтларда Ўзбекистонда жамиятда аёллар ролини ошириш борасида диққатга молик ишлар қилинаётгани, бу борада парламент аъзоларининг иштироки хусусида тўхталиб ўтилди. Депутатликка номзодлар ичида аёллар учун камида 30 фоиз квота ўринлари яратилишига доир норма қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилгани қайд этилди.
Мулоқотда, шунингдек, Россия Федерациясининг “Росатом” давлат уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш бўйича амалга оширилаётган стратегик лойиҳа ва унинг аҳамият хусусида ҳам сўз юритилди. Меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда атом энергетика секторининг шаклланиши ва ривожланиши учун қонуний асосларни яратиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилиб, қабул қилинганига юқори баҳо берилди.
Музокаралар чоғида Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко парламентлараро ҳамкорликнинг келгусида кенгайиши ва мустаҳкамланишида доимий учрашувларнинг муҳимлигини билдирди. Икки давлат қонун чиқарувчи органларининг ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир мулоҳазаларини баён қилди.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни келгусида ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажми 12 фоизга ўсди ва 3 млрд. долларга етди. Истиқболда савдо ҳажмини янада кенгайтириш мумкинлиги, бунинг учун барча имкониятни ишга солиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашув якунида Россия Федерацияcи Мажлиси Федерал Кенгаши вакиллари Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтажак парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Томонлар мазкур учрашув икки томонлама парламентлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очишига ва Ўзбекистон–Россия ҳамкорлик уфқларини янада кенгайтиришига ишонч билдирдилар.