ЎзА Ўзбек

12.07.2019 10:52 Чоп этиш версияси

Ваколатли органлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинмаяпти

Ваколатли органлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинмаяпти

Бундай масъулиятсизлик учун 322 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан, 23 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди

Мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда, шунингдек асоссиз важ билан рад қилинаётир.

Давлат хизматлари агентлигига жорий йилнинг ўтган ярим йили давомида 4 минг 380 мурожаат тушган бўлса, уларни таҳлил қилиш шундай натижа кўрсатган.

Мисол учун фуқаро А.С. агентликнинг 1148 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, яшаётган уйини хусусийлаштира олмаганини билдирган. Маълум бўлишича, мутасадди органлар томонидан унинг аризаси ҳеч бир сабабсиз орқага суриб келинган. Агентлик мутахассислари аралашганидан сўнггина фуқаронинг эгалик ҳуқуқи эътироф этилди.

Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари фуқароларни қийнаётган муаммоларни тезроқ бартараф этиш тарафдори. Бунинг учун агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига келиб тушаётган мурожаатларни доимий таҳлил қилиш ҳамда уларни ўз муддатида ижро этишни таъминловчи назорат механизми ҳам шакллантирилган.

Хусусан, электрон ҳужжатлар дастури орқали келиб тушаётган аризаларнинг таҳлили ва уларнинг ижро муддатини назорат қилиш тизими мавжудлиги бир қатор муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш имкониятини яратмоқда.

Масалан, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларида долзарб муаммолар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш билан боғлиқлиги аён бўлган.

Энг кўп келиб тушган мурожаатлардан яна бири - ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштиришга оид. Ушбу мурожаатларнинг келиб чиқиш сабаблари доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда. Бунинг асосий сабаблари – ваколатли органлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинмаётганлиги, уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани, шунингдек асоссиз важ билан рад қилинаётганлигидир.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли идораларга 485 тақдимнома, 2 мингга яқин огоҳнома киритилган ва 1,5 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Таъсир чоралари натижасида 322 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 23 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 1,5 мингга яқин шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, муаммоларни ҳал этиш бўйича Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларида муайян ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, айрим масъул ходимлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилганлиги ҳам маълум бўлди. Натижада 11 нафар ходим томонидан айнан мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги аниқланиб, ушбу ходимларнинг 5 нафарига нисбатан “ҳайфсан”, 1 нафарига нисбатан “жарима” интизомий жавобгарлик чоралари ва 5 нафарига нисбатан эса маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА
3 274